French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тутқаноқни жарроҳлик йўли билан даволаш йўлга қўйилди
11:56 / 2023-11-30

Юртимиз тиббиёт соҳасига замонавий технологияларнинг жорий этилиши ва самарали ташхислаш-даволаш усулларининг йўлга қўйилиши шу пайтгача хорижда бажарилган ёки даволаш имконияти бўлмаган хасталиклар бўйича жарроҳлик амалиётларини ўзимизда бажаришга шароит яратди.

Бу борада Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда.  

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда эпилепсияни даволашда қўлланилаётган антиконвулсант (антиэпилептик) препаратлар 80-85 фоиз ҳолатда самара беради. Қолган 15-20 фоиз беморларда ушбу воситаларни қабул қилганда ҳам эпилептик хуружлар давом этаверади ва эпилептик хуружларни тўхтатиш ёки камайтириш имконияти бўлмайди.  

– Бу ҳолат тиббиётда фармакорезистент эпилепсия дейилади ва бундай беморларда хирургик йўл билан даволаниш талаб этилади, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт университетининг даволаш ишлари бўйича проректори, университет кўп тармоқли клиникаси бош шифокори Наргиза Абдуллаева. – Ушбу йўналишдаги фаолиятни такомиллаштириш мақсадида университет нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази профессор-ўқитувчилари ва клиникамиз нейрохирургия бўлими врачлари Россия Федерациясининг Тюмень шаҳридаги Федерал нейрохирургия маркази, шунингдек, Туркиянинг Истанбул ва Измир шаҳарларидаги етакчи нейрохирургик клиникаларда гипофиз аденомалари ва фармакорезистент эпилепсияни эндонейрохирургик усулда бартараф этиш бўйича малака ошириб келди. Шу билан бирга мазкур юқори технологияли нейрожарроҳлик амалиётларини бажариш учун нейрохирургия бўлими замонавий нейроэндоскопик ускуна ва электрон-оптик конвертор – C-арм (ЭОП) билан қўшимча жиҳозланди. Натижада клиникада илк бор гипофиз аденомаларини нейроэндоскопик усулда трансназал транссфеноидал олиш операцияси амалиётга жорий этилди.

Ҳозирги кунга қадар 25 нафар беморда мазкур нейроэндоскопик амалиётлар бажарилди. Беморлар кўришнинг пасайиши, ортиқча вазн, акромегалия, кўкракдан сут ажралиши, қандсиз диабет, қон босимида ностабиллик каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Операциядан кейин уларнинг барчасида кўриш фаолияти яхшиланган, эндокринологик бузилишлар барқарорлашган, умумий аҳволи яхшиланган.

Мисол учун, А. исмли 11 ёшли ҳамда С. исмли 23 ёшли беморларда бир кунда 7-8 мартагача тутқаноқ хуружлари кузатилиши, тутқаноққа қарши дориларни юқори дозада қабул қилса ҳам самараси бўлмаганлиги шикояти билан клиникага мурожаат қилган.

11 ноябрь куни беморларда юқори технологияли нейроэндоскопик горизонтал гемисферотомия операцияси ўтказилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг иккала беморда ҳам неврологик дефицитлар, нутқ ва ҳаракат бузилиши кузатилмади, энг муҳими, тутқаноқ хуружлари қайд этилмади.  

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунё аҳолисининг  80 фоизидан ортиғида ҳаётининг турли даврларида бел-думғаза умуртқалараро диск чурраси кузатилади. Бунинг асосий қисмини меҳнатга лаёқатли ёшдаги беморлар ташкил қилади. Шу сабабли умуртқалараро диск чуррасини даволашнинг энг самарали усулини излаш долзарб ҳисобланади.    

– Шимолий Америка спинал хирурглар ассоциацияси классификациясига кўра, бел-думғаза умуртқалараро диск чурраларида бажариладиган жарроҳлик амалиётининг учта замонавий усули мавжуд, – дейди Наргиза Абдуллаева. –  Булар – микрохирургик, микроэндоскопик ва эндоскопик. Умуртқалараро диск чуррасининг жойлашган жойи, миграцияланганлигини (краниал ёки каудал), консистенцияси (калсификатланганлиги)ни ҳисобга олиб жарроҳлик амалиётини қўллашда  юқорида санаб ўтилган замонавий жарроҳлик усуллардан бири танланади.

Бел умуртқалараро диск чурраларини микрохирургик усулда олиш, диск чурраларини жарроҳлик йўли билан даволашнинг “олтин стандарти” ҳисобланади. Нейрохирургия бўлимида бел-думғаза умуртқалараро диск чурраларини тубусли ретраcтор ёрдамида микроскопик олиш операцияси ҳам йўлга қўйилди. Бу усул орқали жарроҳлик амалиёти бажарилганда беморларнинг клиникада даволаниш муддати 8-10 кундан 3-4 кунгача қисқаради, операция вақтида тери кесмаси 10-12 сантиметрдан 2-2,5 сантиметргача камаяди, паравертебрал мушаклар бутунлиги сақлаб қолинади, операция вақтидаги қон йўқотилиши минималлашади, беморда ўтказиладиган реабилитация муддати қисқаради. Ва, энг асосийси, беморнинг меҳнат фаолияти қисқа муддат– ўртача бир ойда тикланади. Кейинги икки ой давомида клиникамизда ушбу усулда 20 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.

Ғ.Ҳасанов,

ЎзА мухбири