Шу кунларда баҳорнинг тотли неъматларидан бири – тут шиғил ҳосилга кирган.
Тут дарахти Хитой давлатидан Марказий Осиёга эрамиздан аввалги тахминан 2-3 минг йилларда келтирилган. Узоқ йиллик ушбу дарахт 200 ёшгача умр кўриши мумкин. Юртимизда минг йиллик тут дарахтлари ҳам топилган.
Мамлакатимизда тутнинг беш турини етиштириш йўлга қўйилган. Шундан оқ ва қора тут истеъмол қилинади.
Тут меваси шифобахш хусусиятларга бой. Ушбу мевадан тез-тез истеъмол қилиш иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди.
[gallery-2451]
Анъанавий тиббиётда оқ тут мевасидан камқонлик, ошқозон-ичак хасталиклари, гастрит касалликларини даволашда фойдаланилади. Барги ва янги очилган куртаги организмда моддалар алмашинуви бузилганида яхши ёрдам беради. Шифокорлар тутни ўт йўллари дискинезиясида, организмда кечаётган яллиғланиш жараёнларини даволашда буюришади.
Таркибида кўп миқдорда фосфор сақлагани боис, тут ақлий фаолият билан шуғулланадиган кишилар учун кони фойда. Айниқса, ўқитувчилар, талабалар, ҳисобчи ва офис ходимлари учун баҳор-ёз мавсумида ҳар куни сархил тут мевасидан бир ҳовучдан истеъмол қилиш айни муддао.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар, ЎзА