English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туронбанк пресс-тур: журналист ва блогерлар лимонзорларда
12:22 / 2022-11-18

Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган пресс-тур иштирокчилари "Туронбанк"нинг молиявий кўмагида Сариосиё ва Денов туманларида замонавий усулда барпо этилган иссиқхоналар билан яқиндан танишди. Тажрибали мутахассислар билан дилдан суҳбатлашиб, цитрус мевалар ҳақида қизиқарли маьлумотларга эга бўлди. Лимон етиштириш сиру-синоатларини ўрганди. Журналист ва блогерлар тижорат банкидан олинаётган кредит маблағларидан оқилона фойдаланишнинг самараларини ўз кўзлари билан кўрди.

Аслида иссиқхоналарда лимон парваришлаш сурхондарёликлар учун янгилик эмас. Лекин, кенг майдонлардаги замонавий лимонзорларда цитрус мева етиштириш ва маҳаллий бозорни шу турдаги табиий маҳсулот билан тўлдириб, ортиқчасини хорижга экспорт қилиш бу кейинги йилларда юз берган янгилик. Биласизми, нега бу гапни айнан ўтган ва сўнгги йилларни қиёслаб айтяпмиз? Чунки, субтропик иқлимга эга Сурхондарёда илгари ҳам одамлар лимон парваришлар эди. Бироқ, бу иссиқхоналар гувала лойдан қўлбола усулда қурилар, ҳосили, сифати ҳам шунга яраша бўлар эди. Эндиликда тадбиркорлар кенг майдонларда энергия тежамкор замонавий иссиқхоналар қуриб, мўл ҳосил олмоқда. Содда қилиб айтганда, хорижликлар тажрибаси асосида қад ростлаётган лимонзорлар кўпаймоқда. Уларнинг бундай эзгу ташаббусларини "Туронбанк" акциядорлик тижорат банки молиявий қўллаб-қувватлаётган бўлса, цитрус, субтропик, тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси мутахассислари кўчатларни парваришлаш ҳамда сифатли ҳосил олиш юзасидан қимматли маслаҳатлари билан беминнат ёрдам бераётир.

Президентимизнинг 2018 йил 6 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори иссиқхоналар ташкил этишни жадал ривожлантириб, лимон кўчатлари етиштириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таьминлаб, даромадини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Сариосиё тумани Янги ҳаёт маҳалласидаги "UzAgroLider" масьулияти чекланган жамиятининг иссиқхонаси бор. Кўпдан буён серқатнов йўл бўйидаги ана шу иссиқхона билан танишни режалаштириб юрган эдим. Буни қарангки, пресс-туримиз ҳам айнан шу лимонзордан бошланди. Бу ерда бизга дастлаб республика цитрус, субтропик, тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Нуриддин Зайниддинов иссиқхона барпо этилишида “Туронбанк”нинг ўрни ва бу ерда парваришланаётган лимон ўсимликлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Корхона 234 гектар майдонда деҳқончилик қилади. Унинг 25 гектарида узумзор, ўн гектар майдонда лимончилик иссиқхонаси барпо этилган. Қолган майдонларда гулкарам, брокколи карам, саримсоқпиёз, мош, ловия каби ўндан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парваришлаб, маҳаллий бозордан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилмоқда. Замонавий иссиқхонада эса асосан “Тошкент” навли минерал ва витаминларга бой лимон меваси етиштирилади.

–Бу иссиқхона ҳозирча мамлакатимиздаги энг йирик лимонзор,–дейди Н.Зайниддинов.– Ўн гектар майдонни эгаллаган. 11 минг дона лимон ўсимлиги парвариш қилинмоқда. “Туронбанк” АТБнинг молиявий кўмагида Исроил давлатининг ихчам ва энерготежамкор ускуналари билан жиҳозланган. Тижорат банки ходимлари билан ҳар йили келиб, ўсимликларнинг ривожланишини кўздан кечирамиз. Лозим бўлса, соҳибкорларга маслаҳат ва тавсияларимизни ҳам берамиз.

"UzAgroLider" масьулияти чекланган жамияти директори

Ўктам Маҳмудовнинг айтишича, замонавий хориж ускуналари орқали иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби компьютер технологиялари ёрдамида чуқур таҳлил қилиб борилади. Тажрибали агроном жамланган хулосалар асосида меъёрни белгилайди. Томчилатиб суғориш усулида турли минераллар билан бойитилган сув ўсимлик илдизига етказилади.

Хориж технологияси билан жиҳозланган иссиқхонани барпо этиш учун “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки 2 миллион 850 минг доллар миқдорида кредит ажратган. Бугун тўрт йиллик лимон ўсимликларининг ҳосили кўзни қувонтиради. Ҳар туп лимонда ўртача 25-30 килограмм мева бор. Йиғиб олинадиган ҳосил Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинади.

Журналист ва блогерлар иссиқхона фаолияти билан танишиб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашар экан, ўзларини гўё афсонавий цитрус мевалар боғида юргандек ҳис этди. Лимонзордан таралаётган нафис ифор ва кўзни қамаштирадиган мевалар пресс-тур қатнашчиларига хушчақчақ кайфият бағишлади. Ўсимлик ҳидидан асаблари енгил орам олган ижодкор ва блогерлар бизга ҳамроҳлик қилган пойтахтлик мутахассислар ҳамда иссиқхона ишчи-ходимларини турли саволларга тутди. Лимоннинг навлари, мевасининг таркиби, шифобахш хусусиятлари, парваришлаш усуллари-ю, нарх-навоси билан ҳам қизиқди.

–Бундан беш-олти йил илгари ҳам мамлакатимизда лимон парваришлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди,– дейди Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Абдулазиз Қодиров – Айрим қизиқувчи кишилар ўз билганича пастқам иссиқхоналарда етиштирар эди. Маҳсулот кам бўлгани учун четдан кириб келар, бу ҳам етмаганидек бозордаги нархи ҳам осмонда бўлар эди. Кейинги йилларда бу соҳани ривожлантиришга эътибор кучайтирилиб, хориж тажрибаси асосида йирик иссиқхоналар барпо этишга киришилгани бу меванинг бозордаги нархини барқарорлаштириб, ортиқчасини хорижга экспорт қилишга қулай имконият яратди. Лимон доимий яшилликка бурканиб турадиган субтропик иқлим шароитига мансуб ўсимлик. Бир йилда бир неча марта ҳосил беради. Иссиқхонанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ерга қадалган лимон кўчатлари тўлиқ ҳосилга киргунча 4 – 5 йил талаб этилади. Бу вақт оралиғида соҳибкор экин остидаги бўш майдонлардан унумли фойдаланиш учун дастлабки 3 йилда сабзавотлар ва тўқсонбости полиз экинлари экилиб, яхшигина даромад қилиши мумкин. Хуллас, қисқа йилларда бозорларимизда лимон нарх-навоси барқарорлигини таъминлашда “Туронбанк”нинг хизмати катта бўлмоқда.

Мамлакатимизда лимончиликни молиявий қўллаб – қувватлаш “Туронбанк” АТБ зиммасига топширилгач, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) каби ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг ҳам кредит линия маблағларини жалб этди. 2020-2022 йилларда қарийб 876 гектар майдонда замонавий лимончилик иссиқхоналари барпо этишни режалаштириб олди. Нафақат йирик майдонлар балки, аҳоли томорқасида ҳам иссиқхоналар ташкил этишни йўлга қўйди.

Субтропик иқлимга эга Сурхон воҳасида “Туронбанк” кўмаги билан 143,7 гектар майдонда замонавий лимон иссиқхоналари барпо этилмоқда. Ҳозиргача Сариосиё туманида 10 гектар, Деновда 5, Қумқўрғон туманида 1,5, Термиз туманида 1,7, Олтинсой ва Шўрчи туманларининг ҳар бирида 1 гектардан лимон иссиқхоналари қуриб битказилиб, кўчат этилди. Шунингдек, Қумқўрғон туманида 33 гектар, Жарқўрғонда 24,5, Деновда 7,8, Термиз туманида 5, Бандихонда 3, ва Олтинсой туманида 1,6 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилмоқда. Вилоятда иш бошлаган лимон комплексларида 100 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда лимончилик борасида кўрилаётган чора-тадбирлар амалда ўз самарасини бермоқда. Бинобарин, юртимизнинг исталган ҳудудига боринг, одамларнинг ерга меҳр бериб, меҳнат қилаётганига гувоҳ бўласиз. Қишлоқ хўжалиги, хусусан, лимончиликдаги тажриба ва амалиёт одамлар хонадонига кириб бормоқда. Асосийси, уларнинг ташаббуслари айни шу тармоқ ривожи учун масъул бўлган — Туронбанк томонидан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ишлар худди бугун ерга қадалаётган лимон кўчатлар каби яқин келажакда мевасини бериши муқаррар. Зеро, барча саъй-ҳаракатлар айни шундай эзгу мақсадга қаратилгандир.

Денов тумани Ўрта қишлоқ маҳалласидаги “Surxon Med Future” масъулияти чекланган жамияти клиникаси қошидаги мўъжазгина иссиқхона ҳам пресс-тур қатнашчиларида бой таассурот уйғотди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таъмирталаб собиқ “Акушерлик” комплекси 3-бўлимининг бино ва иншоотлари ўрнида қайта ташкил этилиб, кардиология, неврология, физотерапия, ультратовушли ташхислар, клиник ва биохимия лаборатория сингари қатор йўналишларга ихтисослашган клиника ва иссиқхонасини бунёд этиш учун тадбиркор
500 миллион сўм ўз сармоясини сарфлади. “Туронбанк” 2 миллиард сўм кредит маблағини йўналтирди. Бунинг эвазига кўп тармоқли хусусий тиббиёт муассасаси хорижнинг энг замонавий “Ултратовушли диагностика”, “ Электрокардиография”, “Холтер тизими таҳлил”, “Электрохирургик коагулятор” каби ўндан ортиқ тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди.

Пресс-тур доирасида бу ерда бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларда клиника ҳудудида барпо этилган мўъжазгина лимончилик иссиқхонаси катта қизиқиш уйғотди.

–Оилавий шифокорлармиз,–дейди гапни узоқдан бошлаб “Surxon Med Future” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳамидулло Ҳодиев.–Отам ҳам шифокор. Уйимизда лимон парваришлар эди. Лимоннинг шифобахш неъматлигини болалигимдан биламан. Унинг хуштаъмлиги инсонга завқ беради. Аждодларимиз лимонни қон босими кўтарилганда, ошқозон-ичак касалликларида, атеросклероз, нафас йўллари шамоллаганда, гепатит, сийдик йўлларидаги тошларни эритишда, тана ҳароратини туширишда ишлатган. Хиди асабларни тинчлантиради. Иссиқхонамизга беморлар кириб, унинг ҳавосидан баҳраманд бўлгач, баҳри-дили янада очилади. Беморларни бу усулда даволашни ароматерапея дейилади. Лимон меваси таркиби эфир мойи, органик кислоталар, қандлар, каротин, пектин, флавоноид, темир, фосфор, калий, кальций, магний ва бир қатор витаминлардан иборат.

Қизиқарли суҳбат чоғида тажрибали кардиолог Ҳамидулло Ҳодиев бизга лимонни тозалаб ювиб, пўстлоғи билан истеъмол қилишни тавсия этди. Лимондаги асосий витамин ва микроэлементлар унинг пўстлоғида эканини илмий асослаб берди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лимоннинг сиқиб олинган суви, шарбати, барглари, қобиғи ҳам шифобахш. Лимон ўсимлигининг барглари, новдалари, мева қобиғидан эфир мойи олинади. Ундан озиқ-овқат, парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Фармацевтикада лимоннинг эфир мойидан айрим дори-дармонларнинг таъмини яхшилашда фойдаланилади.

Хусусий тиббиёт муассасасининг иссиқхонаси бошқа тадбиркорларнинг лимонзорлари каби йирик эмас. Атиги 33 сотих майдонда барпо этилган. Бироқ, унинг инсон саломатлигини тиклашига, клиникага шифо излаб келаётган беморларнинг тезроқ соғайишига йўналтирилгани аҳамиятлидир.

–Пресс-турнинг бу даражада қизиқ ва фойдали маълумотларга бой ўтишини ҳаёлимга келтирмаган эканман,–дейди сариосиёлик блогер Гулсора Норова.– Аслида инсон лимонни истеъмол қила олмаса вақти бўлганида лимонзорларни ҳам оралаб юриши, унинг хуштамьм ҳидидан нафас олиб туриши керак экан. Тўғрисини айтсам, эрталаб ўзимни бироз асабим толиққандек ҳис этган эдим. Иссиқхонани оралаб, лимон ифоридан тўйиб нафас олганимдан сўнг кайфиятим янада кўтарилди. Ўзимда ишчанликни ҳис эта бошладим. Саломатлигимиз учун шундай хайрли ишни молиявий қўллаб-қувватлаётган тижорат банкидан беҳад мамнун бўлдим.

Вилоятдаги лимонзорларга уюштирилган пресс-тур доирасида Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси мутахассислари соҳибкорларга ўсимликни парваришлаш бўйича таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.

Журналист ва блогерлар барчада бой таассурот уйғотган пресс-турни келгусида яна ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири