Тарихда қудратли империялар кўпинча ўз маданиятини забт этилган ҳудудларга тарқатиш орқали таъсирини мустаҳкамлаган. Бироқ Тан сулоласи давридаги Хитой мисолида биз бутунлай аксинча, ҳайратланарли жараёнга гувоҳ бўламиз: буюк империянинг ўзи Турон, хусусан, Самарқанд ва Бухоро мусиқа санъатининг кучли таъсири остида қолди. Бу минтақадан кириб келган куйлар, рақслар, чолғу асбоблари ва ҳатто мусиқа назарияси нафақат оддий халқ орасида, балки император саройида ҳам шу қадар оммалашдики, улар Тан даври мусиқа маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Бу тарихий феномен аждодларимизнинг нафақат моҳир савдогар ёки ҳунарманд, балки дунё санъати ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкорлар бўлганини ҳам исботлайди.
VIII асрга келиб, Хитойнинг оммабоп мусиқаси Марказий Осиёнинг шаҳар-давлатлари мусиқасига жуда ўхшаб қолди. Ҳатто император Сюань-цзун даврининг энг машҳур мусиқа асари, афсоналарга бурканган “Камалак либос, Патлар либоси” ҳам аслида Марказий Осиёдан кириб келган “Браҳман” номли куйнинг қайта ишланган варианти эди. Бу шуни кўрсатадики, Тан империясининг расмий мафкураси доирасида Турон, Ҳиндистон ва Корея мусиқий услублари анъанавий хитой мусиқаси билан фаол равишда қориштирилган. Бу жараён ўз-ўзидан юз бермаган, балки юксак санъатга бўлган талаб ва эҳтиром натижаси эди.
Америкалик хитойшунос олим Эдуард Шефернинг “Самарқанднинг олтин шафтолилари” асарида таъкидланишича, оддий фуқаролардан тортиб юқори табақа вакилларигача туронлик мусиқачилар гуруҳининг “ноғора рақси” куйларига ишқибоз эди. Ушбу мусиқачилар ишлатган чолғу асбоблари ҳам Хитойда энг оммабоп асбобларга айланди. Улар орасида энг муҳими, тўрт торли, эгик бўйинли уд чолғуси эди. Унинг созланиши ва чалиниш услуби Тан даври оммабоп мусиқасининг йигирма саккизта асосий пардаси ва улардан келиб чиққан куйлар учун асос бўлиб хизмат қилган. Шунингдек, сурнай ва най каби чолғулар ҳам Турон орқали Хитойда кенг тарқалди. Лекин ушбу чолғулар ичида энг севимлиси кичик ноғора эди. Бу чолғу шу қадар машҳур эдики, ҳатто буюк император Сюань-цзуннинг ўзи ҳам, кўплаб бошқа аслзодалар қатори, бу ноғорада чалишни моҳирона ўзлаштирган эди.
Марказий Осиёлик мусиқачиларнинг маҳорати шу даражада юқори эдики, улар нафақат ижрочи, балки энг талабгир устозлар сифатида ҳам қадрланарди. Айрим чолғу асбобларини мукаммал ўрганиш учун маданиятли инсон албатта хорижлик, яъни Марказий Осиёлик устоздан таълим олиши шарт, деб ҳисобланарди. Бухоролик актёр, Самарқандлик найчи, Хўтанлик сурнайчи, Тошкентлик раққоса ёки Кушонлик бастакор – уларнинг барчаси Узоқ Шарқда доимо юқори маошли иш билан таъминланган эди. Манбаларда VIII асрда яшаган моҳир хитойлик уд чалувчи ҳақида бир ҳикоя келтирилади. Унинг ижросидан ҳайратланган тингловчилардан бири ундан: “Устозингиз қайси мамлакатдан?” деб сўрайди. Бу саволнинг ўзи ўша даврдаги мусиқий таълимнинг энг юқори стандарти Марказий Осиёлик устозлар билан боғлиқ бўлганини кўрсатади.
Бу тарихий фактлар аждодларимизнинг маданий мероси нафақат ўз ҳудудимизда, балки халқаро миқёсда ҳам қанчалик катта аҳамиятга эга бўлганини яққол намоён этади. Турон садолари буюк империя саройларида янграгани, унинг чолғу асбоблари императорлар томонидан чалингани, унинг мусиқачилари эса энг моҳир устозлар сифатида эъзозлангани – буларнинг бари бизнинг маданиятимиз тарихидаги ёрқин саҳифалардандир. Бу мерос бизга санъатнинг чегара билмаслигини, ҳақиқий истеъдод ҳар қандай сиёсий ёки жуғрофий тўсиқларни енгиб ўтиб, бутун дунёни забт этиши мумкинлигини эслатиб туради.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА