Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Турмуш” тадбири тизимли ишлаш механизмидир
14:05 / 2026-03-04

Жиззах вилояти Фориш туманида ўтказилаётган “Турмуш” махсус профилактик тадбири хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этишга қаратилган манзилли ишлар билан аҳамият касб этмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар замонавий ижтимоий сиёсатнинг жойлардаги амалий ифодаси сифатида эътиборга молик.

Тадбир доирасида мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ҳолати ўрганилмоқда. Оғир турмуш шароитига тушиб қолган, ҳимояга муҳтож аёллар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.

— “Турмуш” тадбири бир марталик акция эмас, балки тизимли ишлаш механизмидир, — дейди Фориш тумани ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Раъно Дауланова. — Асосий мақсадимиз — ҳар бир аёлнинг дардини эшитиш, муаммосини жойида ҳал этиш. Айниқса, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, ишсиз хотин-қизларни касбга йўналтириш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу борада давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш муҳим.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ижроси доирасида профилактика тизими мустаҳкамланди, ҳимоя ордери амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса жойларда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ижтимоий ҳимояни кучайтириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Камбағалликни қисқартириш дастурлари доирасида эса хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали оилалар даромадини оширишга қаратилган манзилли ишлар амалга оширилмоқда.

Форишдаги “Турмуш” тадбири ана шу кенг кўламли ислоҳотларнинг маҳаллий ижроси сифатида аҳамиятлидир. У нафақат муаммоларни аниқлаш, балки аёлларнинг ички салоҳиятини юзага чиқариш, уларни жамият ҳаётида фаол иштирокчига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Зеро, бахтиёр аёл — мустаҳкам оила, барқарор жамият ва истиқболли давлат пойдеворидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири