French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Турли таҳдидлар соя солиб турган бир пайтда тарбияланган тарбиячиларга эҳтиёж ортмоқда
11:03 / 2022-03-12

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтади: «Тарбия берувчининг ўзи, аввало, тарбияланган бўлиши керак».

Ибн Сино онаси Ситорабонудан, Амир Темур онаси Такина хотундан, Бобур Мирзо онаси Қутлуғ Нигорхонимдан, Мунаввар қори онаси Хосиятхон отиндан, Абдурауф Фитрат онаси Бибижондан, Исҳоқхон Ибрат онаси Ҳурибибидан, Абдулла Орипов онаси Турди момодан илк тарбияни, яшаш илмини, ибратни ўрганди.

Қайсики зиёли ёки ижодкорнинг болалик хотиралари ҳақида ўқисангиз, албатта момоси, онасидан матал, эртак, достон эшитиб, биргаликда ўқиб улғайгани ҳақида ёзади. Ҳаёт йўлларида нимагаки эришган бўлса, илк сабоқ, ибратни онасидан олганини айтади. Узоққа бормайлик, элимизнинг суюкли шоири Абдулла Ориповнинг шеъриятга бўлган қизиқиши онасидан юққан. Халқ ижодига меҳри баланд бўлган Турди момо вақтини қизғанмай кенжатойига лапар, терма, қўшиқлар айтиб берган. Ўзи билан китобхонликка, қишлоқдаги оқила аёллар ҳузурига бошлаб борган ва Абдулланинг шеърга, сўзга меҳри болаликдан уйғонган. Ҳазрат Навоий, Фузулий, айниқса, Яссавий ва Сўфи Оллоёр шеърларини ўша пайтларда ёд олган. Оналар ҳамиша фарзанди учун йўлбошчи бўлган.

Бугунги замон шиддат билан ривожланмоқда. Ён-атрофда турли таҳдидлар соя солиб турган бир пайтда тарбияланган тарбиячиларга эҳтиёж тобора ортмоқда. Бу борадаги кечиктириб бўлмас вазифалар, авлоднинг юксалтириш, миллат камолоти ҳақидаги ўй-ташвиш барча юмушларнинг аввали ва долзарби эканлигини кўрсатмоқда. Ҳар бир одам учун огоҳлик сигнали, чақируви бўлиб жаранг сочмоқда.

Тарбияда энг чиройли усул ибратдир. Фарзандга юз бора, китоб ўқигин десаю, ота-она ўзи қўлига китоб олмаса, меҳрли бўлгин десаю ўн, йигирма кунда бирон бир қондошини йўқламаса, ҳаромдан узоқ юриш керак деса-да, аммо уйига кимнингдир ҳаққини кўтариб борса, бўш вақт бўлди дегунча телефон «ковлаб», телевизорга термилиб кунни ўтказса, бағрида ўсаётган фарзанди - ниҳолдан олинадиган мева ҳам шунга яраша бўлади.

Ҳар дақиқа, ҳар онни қадрини билиш, таълим-тарбия учун аҳамиятли тадбирлар билан шуғулланиш, боланинг бегонаси бўлмайди, дея теран қараш билан яшаш – дахлдорликдир. Бу дахлдорлик ўз вазифасини англаш ҳисси билан боғлиқ.

Ҳадиси шарифда ёзилганидек, «Ҳар бир ота-она ўз фарзандига гўзал хулқ, одобдан ортиқ мерос қолдирмагай!». Одоб, ахлоқ, гўзал хулқ мероси йиллар давомида тўпланади, у юрганда ҳам, турганда ҳам мисқоллаб йиғилиб, бойитиб борилади. Отадан олганини, онадан ўрганганини фарзанд ўз умри давомида сарф этади ва тажрибаси ортгани сари тўлдириб боради.

Маҳаллаларда айниқса, қишлоқ жойларда «элнинг виждони» бўлган кайвони онахонлар бор. Уларнинг айтгани айтган, дегани деган. «Олдини кесиб, биров ўтолмас». Улар маҳалланинг ёшу кексасидан ҳамиша бохабар. Кимнинг ўғли мактабни тугатди, кимнинг қизи пойтахтда ўқияпти, қайси рўзғорда аёлнинг овози баландроқ чиқмоқда, қайси хонадонда эътиборга муҳтож қария бор. Бу саволларнинг жавоби уларнинг кузатув дафтаридан, албатта ўрин олган. Шу сабаб ҳам кимки маҳаллага қадам қўйса, совчи бўлиб келар бўлса, аввали шу кайвони момолар ҳузурида бўлади. Бу одат, анъана йиллар давомида шаклланиб, қадриятга айланган. Улар оқила аёллар, улар фозила аёллар. Биз оилада, фарзанд тарбиясида, ёшларни ҳаётга тайёрлаш ишлари – элнинг юзи бўлган оқила онахонларнинг тажрибаси, илми ва сабоқларига таянамиз. Эҳтиёжимиз бор.

Юқоридаги фикр, мулоҳазалар жорий йилнинг 1 март куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда иштирок этаётиб кўнглимдан кечди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Хотин-қизлар ва оила ишлари давлат қўмитаси ташкил этилди. Юртимиз аёлларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор вазифалар илгари сурилди.

ДАВЛАТ РАҲБАРИНИНГ ЭЪТИБОРИ...

Дунё сув юзидаги кўпикдек қалқиб турган бир пайтда барча ишни бир ёнга суриб, аёллар масаласида қайғуриш, хотин-қизларимизни рози қилиш, ҳаётда мамнун яшашларига эришиш йўлида барча куч, имкониятларни сафарбар этиш – онага ҳурмат, аёлни эъзозлашнинг олий намунаси.

Янги Ўзбекистоннинг аёллари учун янгича ёндашув ва дунёқараш билан янги имкониятлар, янги имтиёзлар жорий этилди. Байрам тантаналари арафасида, 7 март куни давлатимиз раҳбари томонидан “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон имзоланди.

Хотин-қизлар учун юксак аҳамиятга эга бўлган имтиёзлар, имкониятлар яратилди. Хусусан, хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан кафолатли тўлаб берилади, эҳтиёжманд ёлғиз аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўлови бюджетдан қоплаб берилади, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади.

Пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Жойларда унинг техникумлари ҳам очилади. Аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ОТМларда хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилади. Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилади. Қўмита ҳузурида «Олима аёллар жамияти ташкил этилиб, илмга интилаётган хотин-қизлар мақсадли қўллаб-қувватланади. Телеканалларда иқтидорли қизларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда интеллектуал ва инновацион ташаббусларини ривожлантириш мақсадида «Билимдон қизлар» телекўрсатув, ўз ҳаёти ва фаолияти билан барчага ўрнак бўлиб келаётган хотин-қизлар тўғрисида ибо-ҳаё, поклик, сабр-тоқат ва илмга интилиш сингари эзгу қадриятларни тарғиб қилувчи «Аёл муваффақияти» рукнидаги теледастурлар тайёрланиши йўлга қўйилади.

Оила муқаддас даргоҳ, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларга бериладиган «Ибратли оила» кўкрак нишони таъсис этилади ва 15 май – Халқаро оила кунида топширилади. Аёлнинг уқувли, зукко, тадбиркор бўлиши оила тўкислигини таъминлайди. Шунданми, йилдан йил мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун янгидан-янги имтиёзлар жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур Фармонда белгилангани каби, тадбиркорлик субъектлари орасида хотин-қизларнинг улушини 40 фоизгача етказилади ва хотин-қизларга ўз томорқасида гул ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Аёлга ишонч билдирилса, рағбат кўрсатилса, у янада чирой очиб, бори билим, салоҳиятини намоён этиб меҳнат қилади, ижод қилади.

Бугун аёлларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улушини ошириш, уларнинг иқтидори ва билими, тажрибасидан фойдаланиш иши янги бир кўринишда намоён бўлмоқда. 2024 йил 1 январга қадар, барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосари хотин-қизлар орасидан тайинланади.

Олиб борилаётган бу каби чора-тадбирлар эзгулик учун хизмат қилади. Зулфияхоним айтгани каби, ҳаёт китобини бехос варақлаб, қуйидаги адолатли ҳақиқатга кўзимиз тушади:  "Оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳамжиҳатлик бўлиши, ўсиш, юксалиш омиллари – аёлнинг донолигига боғлиқ. Бу донолик, бу тафаккур - меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди. Элпарвар, юртсевар ўғил-қизларни камол топиши учун мустаҳкам замин яратади".

 

Зиёда Аминова,

Қашқадарё вилояти ҳокими маслаҳатчиси