Давлатимиз раҳбарининг фармони билан мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини асраш йўлидаги ибратли ишлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносати билан орден ва медаллар, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан мукофотланган эди.
Бухорода ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, миллий маданий марказлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Унда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ботир Зарипов мукофотланганларни табриклади.
Бугун вилоятда истиқомат қилаётган 35 дан ортиқ бошқа миллатга мансуб 100 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида муносиб хизмат қилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятдан сайланган депутатларнинг 2 нафари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатларининг 2 нафари ҳамда шаҳар ва туманлар кенгашлари депутатларининг 6 нафари бошқа миллатга мансуб фуқаролар эканлиги қонун ижодкорлиги ва маҳаллий бошқарув тизимида ҳам уларнинг ўрни нечоғли залворли эканлигидан далолат беради.
Тадбирда “Светлица польска” Ўзбекистон поляк миллий маданий марказининг Бухоро вилояти бўлими раиси ўринбосари Монич Надежда Моисеевна II даражали “Соғлом авлод учун” ордени ҳамда турли миллат вакилларига “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
[gallery-8297]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА