Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Турли фанлар бўйича қалбаки қайта тайёрлаш сертификатлари тарқалган ҳолатлар аниқланган
15:33 / 2022-08-01

Ижтимоий тармоқларда тарқалган олдинги йилларда ташкил этилган қайта тайёрлаш курслари сертификати билан боғлиқ мурожаатлар юзасидан Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, 1991-1994 йилларда ўша даврдаги А.Авлоний номидаги малака ошириш институти ва ҳудудий малака ошириш институтларида турли фанлар бўйича 2-3 ойлик қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган. Мазкур курсларнинг давомийлиги ва уларга қўйиладиган талаблар бўйича тартибга солувчи ягона норматив ҳужжат бўлмаганлиги сабабли, ушбу курсларнинг муддатлари ҳар бири 288 соатдан 400 соатгача турлича белгиланган.

Ўтган йиллар давомида турли қайта тайёрлаш курсларида ўқиган тингловчилар тегишли курслар сертификатини қўлга киритган (у даврда қайта тайёрлаш учун сертификат берилган).

Аммо, шу билан бир қаторда, ўша пайтларда қалбаки қайта тайёрлаш сертификатлари ҳам тарқалган. Бундай ҳолатлар бўйича бугунги кунга қадар 14 та ҳудудий малака ошириш марказлари ва А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институтига сертификат ҳаққонийлиги ёки қалбакилигини аниқлаштириш мақсадида иш берувчилар ва бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Қайд этилмаган, сохталаштирилган сертификатлар ва дипломлар тўғрисида маълумотлар ўз вақтида бериб келинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, 2006 йилга қадар, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори тасдиқлангунга қадар бундай ҳолатлар давом этган.

Юқоридаги қарор тасдиқлангандан сўнг қайта тайёрлаш курслари норматив ҳужжатлари тартибга солиниб, бу каби ҳолатларга чек қўйилган. Шунга қарамасдан, айрим бир тизимда фаолият юритаётган ходимлар ўша даврда сохталаштириб қўлга киритган сертификатлари орқали иш фаолиятини олиб борган ҳолатлар аниқланди.

Бундай ҳолатлар бўйича А.Авлоний номидаги институт доимий равишда иш берувчилар, мактаблар, туман халқ таълими бўлимлари, вилоят бошқармалари ва жойлардаги молия бўлимлари ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, бундан кейин ҳам шу каби сертификатларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш бўйича Миллий тадқиқот институти ва 14 та ҳудудий марказлар ҳамкорликка тайёр.

ЎзА