Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи кўплаб имкониятлар, ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга йўл очади
19:45 / 2023-06-20

Жорий йилнинг 7 июнь куни Олмаотадан жаранг сочган Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари садоси Бишкекдан ўтиб, Тошкентга етиб келди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган байрам тадбирида янграган давлатимиз раҳбарининг ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллигига йўллаган байрам табриги катта қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олинди. 

Ҳеч кимга сир эмас, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бу ташкилотдаги иштироки ва ташаббуслари кескин юқорилади. Буни кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган очиқ ва конструктив, қўшни ва қардош давлатлар билан самимий, дўстона, ўзаро биродарлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни йўлга қўйишда муҳим асос бўлаётгани билан изоҳлаш мумкин. 

Ўз навбатида бу туркий тилли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, ташкилотнинг умумий куч-салоҳиятини юксалтиришга имкон бермоқда. 

ТУРКСОЙ бош котиби Султанбай Раев Ўзбекистонда 30 йиллик байрам тадбирларининг юқори савияда ташкил қилинаётганини алоҳида эътироф этиб, сўнгги йилларда ўзаро маданий алоқалар кўлами кенгайгани, янги ташаббуслар сони ва сифати ўсгани ва албатта, бу жараёнда Ўзбекистоннинг иштироки муҳим бўлаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда мамлакатимизда бир қатор нуфузли халқаро тадбирлар ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг 6-8 май кунлари Гулистон шаҳрида III-Халқаро бахшичилик санъати фестивали, 22-26 май кунлари Тошкент шаҳрида “Турк дунёси талабалар халқаро театр фестивали” ҳамда 28-30 май кунлари Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор фестивали ўтказилди. 

Жорий йил давомида ҳам Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги, Ғофур Ғулом таваллудининг 120-йиллигига бағишлаб маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш белгиланган. 

Айтиш керакки, юбилей тантаналари фақатгина байрамдан иборат бўлмади. Фурсатдан фойдаланиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари муҳокама қилинди, бир қатор фойдали келишувга эришилди. 

  Жумладан, ТРТ Aваз директори Седат Сагиркая билан мулоқотда маданият ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича ўзаро ҳамкорликка оид келишувларга эришилган бўлса, “Turkish Airlines” бошқарув аъзоси Орхан Бирдал билан мамлакатларимиз шаҳарларидан авиақатновлар сонини кўпайтириш, янги йўналишларни йўлга қўйиш режалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев билан мулоқотда ҳамкорликка оид бир қатор масалалар, жумладан, “Табаррук зиёрат” туризми платформаси базасини янада кенгайтиш, туркий тилли мамлакатлардаги зиёрат масканларининг маълумотлари билан интеграция қилиш масалалари бўйича келишувга эришилди.

“Табаррук зиёрат” туризми платформаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил қилинган эди. Ҳозирда платформада 7 тильда 70 дан ортиқ маданий мерос объектлари ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Платформанинг кенгайиши нафақат туркий давлатлардан келувчи, балки бутун дунёдан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун мукаммал қўлланма вазифасини ўтайди.

Шу ўринда Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ Туркий давлатлар орасида маданият ва санъатни кенг тарғиботи, мукаммал ижрочи ва профессионал маҳорати билан туркий давлатларда обрў ва эътибор қозонган таниқли маданият ва санъат ходимлари учун таъсис этилган “ОЛТИН МЕДАЛЬ” билан бир неча ватандошларимизнинг мукофотлангани бизга фахр бағишлади.

Мукофотланганлар орасида давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, профессор марҳум Бахтиёр Сайфуллаев, Ўзбекистон халқ артисти Шерали ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал НУРИДДИНОВ, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин САИДОВ, Ўзбек миллий академик драма театри директори, актёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳам бор. Шунингдек, яна бир гуруҳ санъат ва маданият соҳаси вакиллари «30 йиллик” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Хулоса қилиб айтганда, Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари бизга яна кўплаб имкониятлар, ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда кенг йўллар очади.

Озодбек НАЗАРБEКОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири