Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
TURKSOY раҳбари: Туркий дунёни боғлаб турган куч – умумий маданият
18:21 / 2025-11-17

TURKSOY Бош котиби Султон Раев туркий халқларни боғлаб турган умумий тарих, тил ва маданият бугун ҳам давлатларимизни бирлаштирувчи асосий куч эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ташкилотнинг асосий вазифаси аъзо мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, элларимизнинг бой меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш ва маданий дипломатияни ривожлантиришдир.

TURKSOY йиллар давомида дунёнинг турли нуқталарида йирик фестиваллар, маданий тадбирлар ўтказиш орқали адабиёт, театр, мусиқа ва тасвирий санъат соҳасида ижодкорларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ёшлар қалбида миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини кучайтириш, маданий интеграцияни чуқурлаштириш тузилма фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Бош котиб айни жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида эканини қайд этди:

– Сўнгги йилларда Тошкент, Самарқанд ва Хива каби тарихий шаҳарлар туркий дунё фестиваль ва форумларига мезбонлик қилиб, кўп томонлама ҳамкорликни янада жонлантирди. Ўзбекистоннинг “Туркий дунё маданияти пойтахти” лойиҳасидаги фаол иштироки, санъат усталари ва ижодкорларнинг TURKSOY тадбирларида мунтазам қатнашуви умумий маданий маконимизни янада бойитмоқда. Илмий-амалий конференция, кўргазма ва маданият кунлари нафақат ижодий, балки биродарлик риштасини ҳам мустаҳкамлаяпти. Мамлакатингиз туркий цивилизация бешиги ҳисобланади. Бу юртнинг маданий меросни асраш ва ривожлантириш борасидаги тажрибаси бутун туркий дунё учун намуна.

Мутахассис интервьюси якунида келгусида ҳам Ўзбекистон билан янги қўшма лойиҳалар амалга оширилиши, туркий халқлар меросини чуқур тадқиқ қилиш ва глобал миқёсда тарғиб этиш давом эттирилишини маълум қилди. Шунингдек, туркий мамлакатларни маҳкам боғлаб турувчи ришта – умумий маданият ва биродарлик эканига урғу берди.

Мусулмон Зиё, ЎзА