Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТУРКСОЙ раҳбари Тошкентдаги Озарбайжон маданият марказида
19:27 / 2022-09-10

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказида ўзбек журналистларига ТУРКСОЙ мукофоти топширилди.

Таъкидлаш жоиз, тақдирланганлар марказ тақдимотига биноан, Озарбайжондаги воқеликларни тарғиб этишдаги кўмаги учун танлаб олинган.

Тадбирда ТУРКСОЙ раҳбарияти, Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти, Журналистлар уюшмаси вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар буюк раҳбар Ҳайдар Алиев ҳайкали пойига ва шаҳидлар боғига гул қўйишди.

Тошкентдаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов ТУРКСОЙ ҳақида қисқача маълумот бериб, туркий мамлакатларнинг маданий саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ушбу ташкилот доирасида кенг ҳамкорлик ўрнатилиб, самарали фаолият олиб борилаётганини таъкидлади. Хусусан, Марказ кўмагида ТУРКСОЙ лойиҳаси доирасида Мулла Паноҳ Вагиф, Бахтиёр Ваҳобзода каби шоирларнинг китоби чоп этилгани таъкидланди.

Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик жамияти раиси Эркин Нуриддинов, Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, “Турон” Фанлар Академияси раҳбари Ҳайдарбек Бобобеков сўзга чиқиб, икки давлат, шунингдек, туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги муносабат, жумладан, фан, маданият, санъат ва матбуот соҳасида ҳам жадал ривожланаётганига урғу берди.

ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раевнинг айтишича, Озарбайжон Маданият вазирлиги ташаббуси билан 2021 йил 10 сентябрда ҳам матбуот мукофоти соҳанинг бир қатор фидойиларига топширилган.

Шундай қилиб, тарихчи Шуҳрат Саломов, журналистлар Ихтиёр Абдураҳмонов, Сердар Кескин, Шокир Долимов, Муслимжон Мирзажонов, Нозим Бўронов ва Шарофиддин Тўлагановга матбуот бўйича бу йилги ТУРКСОЙ мукофоти насиб этди. Дарвоқе, 2021 йил худди шундай эътирофга ўзбек журналистлари Қамариддин Шайхов ва Абдували Соибназаров сазовор бўлган эди.

Йиғилганлар эътиборига ТУРКСОЙ фаолияти ҳақидаги видео лавҳа ҳам ҳавола этилди.

“Фахрий артист Кайкеп Алиева номидаги Озарбайжон қизлари” ансамбли аъзолари рақсга тушиб, Раъно Азизова, Темур Раҳмонов ва бошқа хонандалар озарбайжон, ўзбек қўшиқларидан ижро этишди.

Ташрифи доирасида ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази музейларини томоша қилди, икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш мақсадида Марказ директори Самир Аббосов билан учрашди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА