Халқаро Туркий Маданият ташкилоти – “ТУРКСОЙ” Бош котиби Султан Раев ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация аъзолари Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.
Нуфузли меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Синдор Раҳмонқулов, Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев, туман секторлари раҳбарлари ҳамда қирғиз миллатига мансуб ушбу маҳалла фаоллари тантанали кутиб олди.
Делегация аъзолари дастлаб Манас маҳалла фуқаролар йиғини биноси ва унда иш олиб бораётган мутасаддилар фаолияти, маҳаллада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларга яратилган шароитлар, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишлар билан яқиндан таништирилди.
Сўнгра, “ТУРКСОЙ” Бош котиби Султан Раев маҳалладаги “Маданият саройи”да бўлиб, маҳалла ва ушбу маҳалла қошида ташкил этилган “Маржон” қирғиз ансамбли тарихи билан қизиқди.
[gallery-9580]
“Маданият саройи”да бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасида олиб борилаётган дўстона алоқалар тилга олиниб, икки миллат вакиллари ўзаро эсдалик совғалари алмашишди. Шундан сўнг меҳмонлар “Маданият саройи” ҳовлисига икки миллат: ўзбек ва қирғиз дўстлиги шарафига дарахт кўчатларини экди.
Шу ўринда, Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев Манасда қирғиз халқ эпоси бош қаҳрамони – Манасга бағишланган экспозиция ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Ушбу таклиф Халқаро туркий маданият ташкилоти – “ТУРКСОЙ” томонидан маъқулланди.
Ташкилот бош котиби Султан Раев, элчихона вакиллари, вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда туман ҳокими билан мазкур масалани атрофлича муҳокама қилинди. Маҳалла “Маданият саройи” ҳовлисида халқлар дўстлигини ифодаловчи турли миллат вакилларидан иборат ҳайкаллар композицияси тайёрланадиган бўлди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА