Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТУРКСОЙ Бош котиби билан учрашув
17:40 / 2025-07-04

Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг Aнқара шаҳридаги Бош котибиятига ташриф буюриб, мазкур ташкилотнинг Бош котиби Султон Раев билан учрашди.

Учрашувда ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф, Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили Шавкат Ортиқов, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси дипломатлари иштирок этди. 

Мулоқот аввалида Султон Раев элчини Туркияда дипломатик миссияси бошлангани билан самимий табриклади ва масъулиятли фаолиятида улкан муваффақият тилади. 

Ўз навбатида, Бош котиб Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий мероси ва тарихида тутган ўрни беқиёс эканини эътироф этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат туфайли мамлакатнинг ТУРКСОЙ доирасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. 

Хусусан, туркий мамлакатларда ташкил этилаётган маданий тадбирлар, илмий-маърифий анжуманлар, туркий тиллар ва адабиётлари ривожига бағишланган халқаро конференциялар, амалга оширилаётган қатор лойиҳаларда Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашаётгани, Ўзбекистонда ташкилот билан биргаликда турли фестиваллар, кўргазмалар, ижодий форумлар ўтказиш анъанага айланганини қайд этди. 

Яқинда ТУРКСОЙда Ўзбекистон вакилининг расман фаолият бошлагани эса ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси билан ҳамкорликка доимо тайёр эканини айтиб ўтилди. 

Фавқулодда ва Мухтор элчи Илҳом Ҳайдаров азалдан тарихи, тили ва дини, урф-одат ва анъаналари, бугунги орзу-интилишлари муштарак бўлган туркий халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда ТУРКСОЙнинг ўрни ва аҳамияти алоҳида эканини таъкидлади. Туркий миллатларнинг маънавий бирлигини таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, умумий бойлигимиз бўлмиш ноёб тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли маданий-гуманитар дастурлар амалга оширилаётганига эътибор қаратди. 

Мулоқот давомида ТУРКСОЙ томонидан ўтказиб келинаётган йирик анжуманлар маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан бир қаторда, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётгани эътироф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан мақом, бахшичилик каби бетакрор санъат турларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, шундан келиб чиқиб, ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўзбек миллий маданиятини янада фаол тарғиб қилиш мақсадида турли тадбирлар ташкил этиш, илмий-маърифий ишларни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Учрашув дўстона ва самимий руҳда кечди. 

Н.Усмонова, ЎзА