Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) бош котиби Меҳмет Сурейя Эр бошчилигидаги миссия Марказий сайлов комиссиясига ташриф буюрди.
Учрашувда комиссия раиси Зайниддин Низамходжаев дастлаб Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, мамлакатимиз сиёсий хаётида юз бераётган энг муҳим ўзгаришларга тўхталди. Хусусан, қуйи палата депутатлари сайлови аралаш, яъни можаритар ва пропорционал тизим асосида ўтиши, миллий сайлов амалиётига жорий қилинган “E-Saylov” ахборот тизимининг афзаллиги ва имкониятлари, сайлов комиссиялари аъзолари малакасини ошириш концепцияси асосида барча даражадаги иштирокчилар билими ва кўникмаси оширилгани таъкидланди.
[gallery-19987]
Суҳбат чоғида кузатувчилар миссияси ва ТуркПА вакиллари бу галги муҳим сиёсий тадбирга демократик тамойилларга хос тайёргарлик кўрилгани, жараён халқаро меъёр ва стандартга тўла мос келиши, фуқаролар эмин-эркин овоз беришини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини эътироф этди.
Дарвоқе, 2008 йил 21 ноябрь куни Истанбулда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия томонидан ташкил этилган халқаро ташкилот – ТуркПА Бош котибияти Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида жойлашган. Венгрия ва Шимолий Кипр тузилмада кузатувчи ҳисобланади. 2010 йилдан буён ТуркПА аъзо давлатларда президентлик ва парламент сайловлари ҳамда референдумларни кузатиб боради. Миссия таркибидан ҳамкор давлатлар парламенти аъзолари, шунингдек тузилма котибияти вакиллари ўрин олган. Сўнгги йилларда кузатувчилар гуруҳи МСК юқори мансабдор шахслари ва ҳукумат вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда.
Мусулмон Зиё, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА