Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркманистон икки палатали парламентга ўтади
15:37 / 2019-09-26

Туркманистонда 25 сентябрь куни Халқ Маслаҳати –Конституцияга кўра республика халқининг манфаатларини намоён қилувчи энг олий вакиллик идорасининг мажлиси бўлиб ўтди.


Туркманистонда 25 сентябрь куни Халқ Маслаҳати –Конституцияга кўра республика халқининг манфаатларини намоён қилувчи энг олий вакиллик идорасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу орган 2017 йил октябрда ташкил қилинган ва Оқсоқоллар Кенгашининг ваколатларини ўз зиммасига олган эди. Мазкур органнинг мажлисида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга “Hormatly il ýaşulusy” (“Халқнинг фахрий оқсоқоли”) унвони берилди. Бу ҳақда turkmenistan.gov.tm сайти хабар берди. Бу тадбир учун президент миллий либос кийди, унга кўкрак нишони, грамота берилди ва гуллар совға қилинди.

Маълум қилинишича, бундай унвон берилишига “жамоат ташкилотлари, фуқаролар ва ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларида ишловчилардан тушган кўплаб илтимослар”, шунингдек 27 октябрда нишонланадиган Туркманистон мустақиллигининг 28 йиллиги сабаб бўлди.

“Унвон мамлакат мустақиллиги ва доимий бетарафлигини мустаҳкамлаш ишига қўшган шахсий ҳиссаси, давлат ва жамият олдидаги беқиёс хизматлари, янги даврнинг ёрқин ва пухта ўйланган тамойилларига асосланиб давлатчиликнинг мустаҳкам устунини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлари учун берилди“, – дейилади агентлик хабарида.

Чоршанба куни бўлиб ўтган Халқ Маслаҳатининг мажлисида Бердимуҳамедов Халқ Маслаҳатини ислоҳ қилиш ва бу органни Межлис (парламент)нинг таркибий қисмига айлантириш борасида таклиф берди. Ислоҳатлар шуни англатадики, Туркманистон дунё амалиётида кенг қўлланиладиган икки палатали парламентга ўтади, Халқ Маслаҳати эса парламентнинг юқори палатаси бўлади.

Бердимуҳамедовнинг сўзларига қараганда, икки палатали тизимга ўтиш – туркман жамиятининг барча қатламлари манфаатларини ифода этиш имкониятини яратади, ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида назорат учун шароит яратади, ҳамда жойларда депутатларнинг сайловчилар билан янада яқинроқ ишлашларига туртки беради, қонунлар ва миллий дастурлар ижроси устидан назорат кучайтирилади.

Айни дамда Туркманистон парламенти битта палатадан иборат. Парламентга сайлов округларидан 125 нафар депутат беш йил муддатга сайланади ва расман кўп партияли дея юритилади.