Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркманистон аҳолиси президентни байрамона кайфиятда сайламоқда
15:56 / 2022-03-12

Туркманистонда бугунга белгиланган навбатдан ташқари президент сайлови байрам руҳида ўтяпти, дея хабар берган “РИА Новости” мухбири.

Нашрнинг фикрича, умуман, ушбу давлатда собиқ иттифоқ мамлакати учун хос бўлган давлат раҳбари, парламент аъзолари ёки маҳаллий ҳокимият вакилларини сайлаш билан боғлиқ тадбирларни байрамона муҳитда ташкил этиш анъанаси сақланиб қолган. 

Халқ кўп йиллар аввал бўлганидек, бугунги муҳим воқеа – сайловни ҳам юртнинг амалдаги сиёсий тизими тантанаси сифатида қабул қилмоқда. Шунинг учун, масалан, Ашхобод шаҳри ва пойтахт яқинидаги сайлов участкалари байрамона безатилган. Чор-атрофда мусиқа янграяпти, хонандалар хониши эшитилиб турибди, раққосалар хиром айламоқда. Сайловга келган фуқароларга эса егулик улашиляпти.

Ўз танловини билдириб бўлганлар президентни сайлаш, давлат раҳбариятининг ёшариши йўлини танлаш янада ёрқин келажакка умид билан боғлиқ эканини таъкидлашяпти.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистоннинг энг олий лавозимига 9 нафар номзод даъвогарлик қилмоқда. Эрталаб соат 7.00 да очилган сайлов участкалари 19.00 да ёпилади.

Мамлакат қонунчилигида сайловда қанча сайловчи иштирок этиши бўйича ҳеч қандай шартли чегара белгиланмаган. Яъни, фуқаролар фаоллигининг ҳар қандай даражасида сайлов ўтказилган, деб тан олинади.

Туркманистон сайлов кодексига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси узоғи билан 7 кун ичида сайлов якунларини кўриб чиқади ва баённома тузиб, сайлов натижаларини ошкор қилади. Сайловда қатнашган сайловчиларнинг ярмидан кўпи овоз берган номзод Сайланган президент сифатида эълон қилинади.

Туркманистон президенти ёши 40 дан юқори, шу юртда туғилган, давлат тилини биладиган, охирги 15 йил давомида мамлакатда узлуксиз яшаб, ишлаб келаётган Туркманистон фуқароси бўлиши шарт. Туркманистонда Президент бевосита халқ томонидан 7 йилга сайланади ва қасамёд қабул қилгандан сўнг ўз вазифасини бажаришга киришади. Давлатнинг янги етакчиси инаугурация маросими 19 мартда бўлиб ўтади.