Марказий Осиё халқаро институтида Туркиянинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SETA) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Туркия таҳлил институтлари ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда икки томонлама муносабат масаласи муҳокама қилиниб, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ўзбек-турк ҳамкорлигини янада фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди.
Сўнгги йилларда умумий савдо айланмаси қарийб 2.5 баробар ўсиб, алоқа изчил ривожланмоқда. Инвестициявий ҳамкорлик даражаси 70 марта ошди. Жорий йил бошидан буён қарийб ярим миллиард доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилди. Қўшма корхоналар сони 5 карра ортиб, 2 мингтага етди.
Яқинда бўлиб ўтган ШҲТ Самарқанд саммити доирасида икки мамлакат етакчилари қишлоқ хўжалиги, транспорт, электротехника, тўқимачилик ва чарм саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, инновация, юқори технология, туризм ва маданият каби ўнлаб соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича аниқ мақсадларни белгилаб олишди.
Экспертлар илм-фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бораётганини қайд этдилар.
Бундан ташқари жорий йил Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги ва Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур анжуман ҳамкорликнинг янги истиқболини муҳокама қилиш, бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Тадбир давомида МОХИ ва Туркия таҳлил марказлари ўртасида яқин муносабат ўрнатиш, қўшма илмий-амалий тадбирлар ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Туркия илмий-тадқиқот институтлари, хусусан, “SETA” томонидан Ўзбекистон таҳлил марказларига нисбатан жиддий қизиқиш билдирилаётгани эътироф этилди.
“SETA” вакиллари ўз жамоаси фаолияти хусусида маълумот бериб, ушбу муассаса мамлакат “ақл марказлари” орасида етакчи ўринни эгаллашига урғу бердилар. Сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар йўналишларда йирик тадқиқотлар билан шуғулланадиган жамғарма мутахассислари маҳаллий ва хорижий ихтисослашган журналларда турли долзарб мавзуларда чиқишлари билан фаол иштирок этиши таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги шерикликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янада кенгайтириш масаласини экспертлар даражасида кўриб чиқишдан манфаатдор эканини билдирдилар.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА