“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев Туркиянинг “Layki” компанияси раҳбари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда турк бренди ва Ўзбекистон корхоналари ҳамкорлигида “Layki” бренди остида пойабзал маҳсулотлари, пойабзал тагликлари, елим хомашёсини ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳани амалга оширишнинг истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссия ва “Халқ банки” АТБ вакиллари ҳам иштирок этиб, лойиҳани амалга оширишнинг ташкилий ва амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун, “Layki” брендига 1989 йилда кичик устахонада асос солинган. Компания бугунги кунда Туркия пойабзал ва тўқимачилик бозорининг етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади.
Хорижий инвестор мазкур инвестиция лойиҳасини Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ташкил этилаётган чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасида амалга ошириш мақсадини билдириб ўтди. Лойиҳани амалга ошириш учун инвестор 1 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритади.
Туркиялик инвесторларга мамлакатимиз чарм саноати тармоғида фаолият кўрсатаётган корхоналарга ажратилган қатор имтиёзлар, преференциялар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Оҳангаронда ташкил этилган КСЗдаги ер майдонининг онлайн савдоларида иштирок этиш бўйича ташкилий масалалар юзасидан хорижий компанияга тушунтириш ва ахборот берилди. Хорижий инвесторга ер майдонини ажратиш бўйича тегишли тартибда ишларни амалга ошириш юзасидан уюшма томонидан амалий ҳаракатлар бошланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА