Мамлакатимизда “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойили асосида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли хил касалликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва “Medipol global” халқаро компанияси келишуви асосида дунёнинг етакчи болалар гематолог-онкологларидан бири туркиялик профессор Дидем Атай Наманганга келди.
Болаларда суяк касалликлари, лейкомия, лимфома, нейроблостома, мия ва суяк шиши каби хасталикларнинг юқори малакали шифокори сифатида танилган тажрибали шифокор шифохонада бепул тиббий кўрикдан ўтказди.

– Қизим Мадинага чап ўрта қулоқ соҳаси эмбрионал рабдомиосаркомаси ташхис қўйилган. Дидем Атай касалликни даволаш бўйича қимматли йўл-йўриқлар берди. Бундан беҳад миннатдормиз, – дейди беморнинг онаси Ширин Иброҳимова.
Болалар гематологияси ва онкологияси борасида изланаётган маҳаллий мутахассислар учун тиббиётчи олима Дидем Атай тажрибаси билан танишиш маҳоратни ўстиришда ғоят қўл келмоқда. Олий тоифали мутахассис Зарифжон Мирзараҳимовнинг қайд этишича, юртимизда тиббиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шунинг баробарида ривожланган давлатлардаги тиббиёт ютуқларини ўрганиш, қўллаш учун кенг имкониятлар яратилаётгани таҳсинга сазовор.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.