Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркиялик китобхонлар учун Ойбек ҳаёти ва ижоди ҳақида манба – “Қутлуғ қон” романи турк тилида
19:05 / 2023-08-08

Хорижлик китобхонларнинг ўзбек адабиётига қизиқиши кун сайин ортиб, шоҳ асарларимизни таржима қилишга бўлган эътибор кучаймоқда. Масалан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий ва бошқа кўплаб буюк адибларимиз асарларининг таржималари дунё ўқувчилари аудиториясига тақдим этилмоқда.

Ўзбек адабиётига халқаро эътиборни Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ижодига бўлган қизиқиш ва унинг “Қутлуғ қон” романи мисолида ҳам айтишимиз мумкин.  

Яқинда мазкур асар Туркияда Евроосиё ёзувчилар уюшмасининг “Bengü” нашриёти томонидан турк тилида чоп этилди. Асарни Туркия Республикасида яшаб илмий изланиш олиб бораётган ҳамюртимиз, таниқли тилшунос ва таржимашунос Замира Ҳамидова (Ўзтурк) турк тилига ўгирган.  

Айтиш мумкинки, ушбу таржима адабий, маданий-гуманитар соҳаларда хорижий мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётганининг яна бир ифодасидир.  

“Қутлуғ қон” романи шу кунга қадар араб, форс ва МДҲ давлатлари тилларига таржима қилинган. Евроосиё ёзувчилар уюшмаси раҳбари, профессор Ёқуб Умар ўғли бошчилигида жорий йил Анқарада нашр этилган мазкур таржима 430 бетдан иборат бўлиб, унинг юзага келишида кўплаб мутасаддиларнинг хизмати катта.  

Асарни нашр этиш жараёнларига малакали мутахассислар, муҳаррир ва дизайнерлар гуруҳи жалб этилди. Китобга Туркиянинг таниқли журналисти, айни пайтда Туркия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик ва иқлим вазири матбуот котиби Лайло Гунеш хоним масъул муҳаррирлик қилди.

Китобни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Наим Каримов илмий ва адабий маслаҳатчи вазифасини бажарди. Унинг таржимага ёзган сўзбошиси ушбу нашр аҳамиятини янада оширган. “Ойбек ва унинг “Қутлуғ қон” асари ҳақида” номли сўзбошида Н.Каримов адиб ҳаёти ва ижоди, унинг асарлари, айниқса, “Қутлуғ қон” романининг ёзилиш тарихи билан боғлиқ турли қизиқарли воқеалар ҳақида турк китобхонларига қимматли маълумотлар улашган.  

Н.Каримовнинг ёзишича, Ойбек 1963 йилда нашр қилинган “Шеърлар” тўплами учун ёзган “Автобиография”сида ушбу романнинг дунёга келиш тарихига оид қуйидагича маълумот берган:  

"1937 йилда “Қутлуғ қон” романини ёза бошладим. Бу романни ёзиш учун материал йиғиб ўтирмадим, болалигимдан ҳаётни кузатишни севганлигимданми, кўнгилдан, хотирамдан “Қутлуғ қон” романи қуйилиб келаверди. Романни қисқа фурсатда ёзиб тугатдим”.  

“Эл хизматида“ (1965) сарлавҳали мақоласида эса Ойбек асарнинг яратилиш тарихи тўғрисида кенгроқ баён қилиб, шундай ёзган: “...Унда (романда – Н.К.) ўзбек халқининг революциядан олдинги ҳаёти, халқнинг ўз ҳуқуқлари учун курашга интилиши ва бу курашнинг машҳур 1916 йил қўзғолонига қўшилиб, кучайиб бораётганлиги тўғрисида ҳикоя қилмоқчи эдим. Гарчи мен роман воқеалари юз берган даврда ҳали бола бўлсам ҳам, энди мен буни ўз кўзим билан кўрмаганлигимни айтиш учун етарли ҳаёт тажрибасига эгаман, деб айта олардим. Болалик чоғларимда мен халқ турмушини кўрдим, камбағаллар ва авом халқнинг қоронғи ва дим уй-жойларини, бойларнинг атрофи баланд-баланд деворлар билан ўралган ҳашаматли иморатларини, муздек ҳовузи бўлган боғларини кўрдим. Ёшлигимда бой боғини кўриш учун бир неча марта дарахтларга чиққанман. Мен бошқаларнинг турмушини чанқоқлик билан кузатдим ва кейинчалик романимда тасвир этилган ижтимоий муносабатларнинг кўпгина томонларини ўша вақтдаёқ тушунган эдим... 1938 йилда ёзиб тугалланган “Қутлуғ қон” романим шундай туғилди”.

Таъкидланганидек, Ойбек умрининг илм маҳзанини йиғиш фасли икки тарихий давр тўқнашган йилларга тўғри келди. У ҳаётининг илк даврида, оз фурсат бўлса-да, мадрасада ўқиб, араб ва форс тиллари билан ошно бўлди, инқилобий бўронлар билан бошланган янги даврда эса эътиборини кўпроқ шу даврнинг муҳим ижтимоий масалаларига қаратди. Адиб қаттол тизим даврида яшаса-да, сермаҳсул ижод қилди. Унинг насрий мероси “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” ва “Улуғ йўл” каби беш роман, “Шонли йўл”, “Hyp қидириб”, “Болалик хотираларим” ва “Бола Алишер” номли тўртта қисса ҳамда бир қанча ҳикоя ва очерклардан иборат тарзда шаклланган.

Таъкидлаш жоиз, унинг роман жанридаги дастлабки тажрибаси – “Қутлуғ қон” ёзувчи ҳаётининг энг таҳликали кезларида, яъни 1938 йилда, қисқа муддатда ёзилган ва 1940 йилда нашр этилган. Адибнинг болалик хотиралари билан тўйинган бу асарида ўзбек халқининг биринчи жаҳон уруши арафасидаги машаққатли ҳаёти қаламга олинган. Бу даврда бир томондан мустамлакачилик сиёсати, иккинчи томондан ўлкага кириб кела бошлаган капиталистик муносабатлар туфайли меҳнаткашлар оммаси ғоят қашшоқлашган эди. Шундай вақтда сабр косаси тўлган халқнинг норозилик намойиши билан чиқиши ёки қўзғолон кўтариши табиий эди. Чор ҳокимиятининг Ўрта Осиё аҳолисини мардикорликка олиш тўғрисидаги фармони (1916 йил) қўзғолонининг гуруллаб ёниши учун бир туртки бўлди. Ойбек романда Йўлчи бошлиқ меҳнаткашлар, Мирзакаримбой бошлиқ бойларнинг ўзаро муносабатларини тасвирлаш орқали мазкур қўзғолоннинг келиб чиқиш сабабларини бадиий таҳлил этди. Жамиятнинг шу даврдаги қутблашган ҳолатини таъкидлаб кўрсатиш мақсадида ва совет мафкурасининг талаби билан бойлар образини, айниқса, Мирзакаримбой образини яратишда қора бўёқлардан кўпроқ фойдаланди.  

“Қутлуғ қон”нинг туркча таржимасида Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг шогирдлари – Ойбек ва Ғафур Ғулом авлодидан кейин ўзбек адабиётига яна икки адабий авлод кириб келгани, агар Туроб Тўла шу биринчи авлоднинг вакили сифатида “Қутлуғ қон”нинг яратилганини қандай қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олганни айтилади. Кейинги адабий авлод вакиллари ҳам “Қутлуғ қон”ни кўзларига суртиб ўқиганликлари, масалан, Туроб Тўладан кейинги авлоднинг истеъдодли вакили Одил Ёқубов Ойбек романини ўн олти ёшида ўқиб, ундан қандай таъсирланганини, шунингдек, адиб бу асарни ёзишга киришган вақтда 1937 йил бўрони кўтарилгани, у хизмат қилаётган Тил ва адабиёт институтидан, шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ҳайдалгани, уч фарзандлик оилани боқиш ташвиши адибнинг рафиқаси Зарифахоним Саидносир қизининг зиммасига тушгани, бунинг устига, Ойбек Абдулла Қодирий билан ҳам, Чўлпон билан ҳам яқин алоқада бўлгани, қайнотаси Саидносир Миржалиловнинг эса Соловки оролларида азоб-уқубат чекиб ётганига доир қимматли тарихий маълумотлар келтириладики, бу ўқувчини, албатта, бефарқ қолдирмайди.  

Ўзбек адабиёти ҳақида  

Таъкидлаш жоиз, таржимада Ойбекнинг автобиографик фаолияти ва унинг асарларига доир қизиқ маълумотларни яна кўплаб ўқиш мумкин. Китобда адиб ҳаёти ва ижодига доир алоҳида маълумотларнинг берилганлиги туркиялик китобхонларга Ойбек ҳақида яна ҳам тўлиқ билим ва тасаввур беради. Таржимада Ойбек ҳаёти ва ижоди мисолида XX аср ўзбек адабиёти ҳақида ҳам кенг тушунча бериб ўтилади.  

“Қутлуғ қон”нинг турк тилига таржима қилиниши бежиз эмас. Ойбек ўтган асрнинг 20 йилларида Тошкентдаги “Турон” кутубхонаси фондидаги турк шоирларининг мажмуалари ва “Сарвати фунун” журналида босилган асарларини мутолаа қилиш жараёнида содда услуби ва ёниқ туйғулари билан анъанавий ўзбек шеъриятидан кескин фарқ қилган турк шеъриятига меҳр қўйган. У ҳатто Зиё Кўкалп таъсирида машҳур “Ўзбекистон” шеърини ёзган. Совет мафкурачилари таъбири билан айтганда, пантуркизм ғоялари билан суғорилган бу шеърнинг бадиий шакли Ойбекка ўзбек лирикасининг гўзал намуналаридан бирини яратиш севинчини бағишлаган. Агар Зиё Кўкалп ўз шеърида турк тилини шарафлаган бўлса, Ойбек ўз шеърида она Ватани –Ўзбекистонни кўкларга кўтарган.

Ўйлаймизки, ўзбек адабиётининг Туркиядаги толмас тадқиқотчиларидан бири Замира Ҳамидова томонидан таржима қилинган “Қутлуғ қон” асари ўзбек-турк адабий алоқалари тарихида Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Лутфий, Атойи, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби алломаларимиз асарларининг турк тилидаги таржималаридан кейинги қимматли нашр сифатида қадрлидир.

Бу таржима олиманинг Ўзбекистон ва Туркия, шунингдек, Евроосиё халқлари тили ва адабиёти борасидаги адабий алоқалар йўлидаги кўп йиллик изланишлари, тинимсиз меҳнати самараси, қолаверса, ўзбек адабиётига бўлган улкан эҳтироми рамзидир.  

Маълумот учун: айтиб ўтиш жоизки, Замира Ҳамидова ўзбек тили ва адабиётининг хориждаги жонкуяр тадқиқотчиларидан бири. У 1976 йил Андижон вилоятининг Балиқчи туманида таваллуд топган, дастлаб, Тошкент давлат педагогика университетида, сўнгра, Туркиянинг Мармара университетида магистратура босқичини тамомлаган. Узоқ йиллик илмий изланишлари натижасида 2020 йил Туркиянинг Ҳожаттепа университетида “Ўзбекистонда тил сиёсати: стандартлаштириш ва модернизация” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Замира Ҳамидова фаолияти давомида бир қанча нашрлар билан бирга "Ўзбекча-туркча изоҳли луғат", ўзбек ва турк адиб-олимларининг ўнлаб асарлари таржималарига муаллифлик қилган. “Туркистонда тил сиёсати (Ўзбекистон мисолида)” номли монографиясида у Ўзбекистон тарихининг Россия империяси, Совет иттифоқи ва мустақиллик йилларидаги тил, имло ва савод масалалари, ўтмиш сиёсатларининг бугунги кунга таъсири масалаларини кенг ёритган. Олима 2014 йилдан эътиборан Туркия Республикаси Президенти администрациясининг Коммуникациялар бошқармасида таржимон, илмий ходим сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Таржимон назарида Ойбек тили ўта жозибали. Унинг сўз бойлиги, ҳар бир сўз ифодалаган маъно ва нозикликлари унинг адабий асарига янада файз ва нафосат бағишлайди. Тўғриси ҳам шу. Адабиёт – сўз санъати демак. Унинг ҳар қандай ифодавий имконияти сўз билан чегараланади. З.Ҳамидова асар таржимасида буни яхши англайди.  Айни дамда сўзнинг ифодавий имконияти чексиз эканлигини ҳис этади. Таржима жараёнида ойбекона тил ва услуб гўзаллигини имкон қадар сақлаб қолишга интилади. Бу асар таржимаси қарийб ўн йиллик меҳнатлар самарасидир. Ўйлаймизки, ушбу таржима турк китобхонларига манзур бўлиб, Ойбек ҳаёти ва ижодини ўрганишдаги кейинги тадқиқотлар учун асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,  

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА