Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов раҳбарлигидаги делегациянинг Туркия Республикасига ташрифи амалга оширилди.
Ташрифнинг биринчи кунида делегация томонидан Туркия давлатининг Sarıkoç Holding компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.
Учрашувда Навоий вилоятининг инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳамда табиий қазилма бойликлари тўғрисида тақдимот қилинди. Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, жорий йил якунига қадар Навоийда Ўзбекистон –Туркия бизнес-форумини ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, Sarıkoç Holding компанияси томонидан Конимех туманида донадор фосфорит қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда текстиль ва тўқимачилик саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, вилоят делегацияси вакиллари ташриф доирасида Туркия давлатининг Orbak Metal Industry, Lidya Granit Mermer, KNDF Group, “TIW Company” компаниялари билан ҳам музокаралар олиб борди.
Хусусан, Orbak Metal Industry компанияси томонидан Навоий шаҳрида водород пероксиди ишлаб чиқариш, Lidya Granit Mermer компанияси томонидан вилоятда мармар ва гранит қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш, KNDF Group компанияси томонидан туризм соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда “TIW Company” компанияси томонидан қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш лойиҳалари юзасидан келишувларга эришилди.
Вилоят делегацияси вакиллари, шунингдек, Истанбул саноат ва эркин савдо зонаси (Desbash)да бўлиб, бу ердаги мавжуд имкониятлар билан танишди.
1994 йилда ташкил этилган Истанбул саноат ва эркин савдо зонаси Туркиядаги хусусий сектор ерларида ташкил этилган биринчи эркин ҳудуд ҳисобланиб, 90 миллиард АҚШ долларилик умумий савдо ҳажми билан Туркиядаги эркин зоналар орасида биринчи ўринда туради.
Ушбу зонада асосан қуёш энергетикаси, автомобилсозлик саноати, денгиз транспорти эҳтиёт қисмлари, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, косметика каби соҳаларда корхоналар фаолият юритади. Бугунги кунда ушбу зонада 300 дан ортиқ компания ва 6000 дан ортиқ киши фаолият юритмоқда.
2018 ва 2019 йилларда саноат ва эркин савдо зонасидаги ўртача йиллик савдо ҳажми 2,3 миллиард долларни ташкил этган.
Ушбу саноат ва эркин савдо зонасида асосан қуёш энергетикаси, автомобилсозлик саноати, денгиз транспорти эҳтиёт қисмлари, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, косметика каби соҳаларда корхоналар фаолият юритади.
Шунингдек, электр, табиий газ, тозалаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, хавфсизлик, сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш, техник хизмат кўрсатиш, юклаш, тушириш, ўлчаш каби барча инфратузилма ва бошқарув хизматлари ҳам мавжуд.
Эркин зонада фаолият юритадиган корхоналар солиқ имтиёзларидан кенг фойдаланиб, юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, ходимларнинг иш ҳақи, божхона тўловлари ва ҚҚСдан 100 фоиз озод қилинади.
Вилоят делегацияси Истанбул саноат ва эркин савдо зонасида инвесторлар учун яратилган шароитлар, инфратузилмага эга ер майдонлари, бинолар, ёпиқ майдонлар, умумий ва шахсий омборлар, офислар ва очиқ акциядорлик майдонлари билан ҳам танишди.
Шунингдек, ташриф давомида делегация аъзолари юқори сифатли ва экологик тоза мебель ишлаб чиқарувчи икки корхона фаолияти билан ҳам танишди.
Хусусан, “GABBA” компанияси 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, ушбу компания ўз маҳсулотларини 70 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилади. Корхонанинг дунё миқёсида 100 дан ортиқ давлатда савдо уйлари, Туркияда эса 50 дан ортиқ шоу-румлари мавжуд. 350 нафардан ортиқ ишчи-ходим фаолият юритади.
Яна бир йирик компания – 1988 йилда ташкил этилган “iDOL” корхонасида ҳам бўлишди. Корхона ярим асрлик саноат тажрибасига эга. Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 70 фоизи 60 та давлатга экспорт қилинади. Ушбу компаниянинг ҳам 100 дан ортиқ давлатда савдо уйлари мавжуд.
Навоий вилояти делегациясининг Туркия Республикасига бўлган хизмат сафари давомида Денизли вилоятига ҳам ташриф буюрилди.
Денизли вилояти раҳбарияти билан учрашув давомида икки вилоятнинг иқтисодиёти, саноати ҳамда бошқа соҳалари бир-бирига жуда яқинлиги қайд этилди.
Икки ҳудуднинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Навоий ва Денизли вилоятлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биродарлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, қисқа муддатларда Денизли вилояти делегациясининг Навоий вилоятига ташрифини амалга оширишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, Навоий вилояти делегацияси Денизли савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон – Туркия бизнес форумида ҳам қатнашди.
Ўзбекистон – Туркия ишбилармон доираларининг ўзаро алоқаларини жадаллаштиришга қаратилган ушбу форумда турли соҳаларга оид 100 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида Навоий вилоятининг инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий ва туризм салоҳиятлари тўғрисидаги тақдимотлар намойиш этилди ҳамда турк ишбилармон доиралари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Туркия компаниялари вакиллари билан Г2Б, Б2Б форматида музокаралар бўлиб ўтди ва Навоий вилоятида бир нечта истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Делегация аъзолари Денизли шаҳридаги “ER-BAKIR” корхонасига ташриф буюриб, компания бошқаруви кенгаши раиси Седат Эрикоғлу билан учрашди.
Маълумот учун айтиш жоизки, ушбу компания 1981 йилда ташкил топган бўлиб, маҳсулотлари АҚШ, Германия, Буюк Британия каби 50 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинади. Авиация, мудофаа, темир йўл, тиббиёт каби кўплаб соҳалар учун мис, мис қотишмаси ва алюминий ўтказгичлар етказиб берувчи йирик компания ҳисобланади.
Ташрифнинг кейинги манзили “Altınbaşak Tekstil” компанияси бўлди. Сафар доирасида Навоий вилояти делегацияси вакиллари бошқарув раиси Мехмет Чалишкан билан учрашиб, компания фаолияти билан танишди.
Ушбу компания 1971 йилда ташкил этилган. Бу ерда тўқимачилик маҳсулотлари, шу жумладан, сочиқ, халат, кўрпа-тўшак ва бошқа мато турлари ишлаб чиқарилади. Корхонанинг турли мамлакатларда 80 дан ортиқ савдо уйлари мавжуд.
Мухтасар айтганда, Навоий вилояти делегациясининг Туркия Республикасига амалий ташрифи ўзаро самарали учрашувларга бой бўлди. Муҳими, музокаралар олиб борилган корхоналар билан манфаатли келишувларга эришилди.
ЎзА