Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Анқара шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида муҳим воқеа бўлди. Ташриф доирасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши ўтказилиб, мазмунли музокаралар ва қатор муҳим икки томонлама келишувларга эришилди.
Энг муҳими, ушбу ташриф Ўзбекистон –Туркия муносабатлари кенг қамровли стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилганини яққол намоён этди. Ташриф давомида бунга ишора қилувчи қатор аниқ далилларга гувоҳ бўлдик: илиқ ва самимий кутиб олиш муҳитидан тортиб, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро муносабати ҳамда қисқа вақт ичида ўта мазмунли ва бой кун тартибининг шакллантирилгани бунга яққол мисолдир. Томонлар ҳамкорликни фақат сиёсий мулоқот доирасида эмас, балки аниқ натижаларга йўналтирилган амалий йўналишларда ҳам янада чуқурлаштиришга қатъий тайёр эканини намоён этдилар.

Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия стратегик режалаштириш гуруҳининг “4+4” форматидаги учрашуви ҳам юксак баҳоланди. Ушбу мулоқот мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида, жумладан, кибер жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганини намоён этди. Мазкур форматдаги мулоқотнинг йўлга қўйилиши ҳозирги таҳликали ва беқарор халқаро шароитда, айниқса, муҳим бўлиб, у минтақавий барқарорликни таъминлаш, аҳоли тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, ташриф аҳамиятини учта асосий йўналишда баҳолаш мумкин. Биринчидан, сиёсий ва дипломатик соҳада. Олий даражадаги музокаралар икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматни янада мустаҳкамлади, Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро майдонда ишончли ва конструктив шерик сифатидаги ўрнини кучайтирди.
Иккинчидан, иқтисодий ҳамкорлик соҳасида. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми бир неча баробар ошди. Энди эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилди. Турк компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига фаол инвестиция киритаётган етакчи хорижий шериклардан бири ҳисобланади. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, инновацияларни жорий этиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Учинчидан, инсонлараро ва гуманитар алоқалар. Хатай вилоятида барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси ёки Истанбулда очиладиган ўзбек мактаби икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир. Айниқса, 2023 йилдаги зилзилалардан сўнг Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам Туркия халқи томонидан катта миннатдорлик билан қабул қилинди. Бу ҳамкорликнинг инсонпарварлик мазмунини яна бир бор намоён этди.
Келгусида ушбу ташрифнинг ижобий самаралари янада яққол намоён бўлишига ишонамиз. Хусусан, ушбу ташриф натижасида сиёсий мувофиқлашув кучаяди, савдо ва инвестиция алоқалари янада чуқурлашади, транспорт ҳамда энергетика соҳаларида янги имкониятлар очилади, деб ҳисоблаймиз. Таълим ва маданият соҳаларидаги алмашинувлар эса ёшлар ўртасида ўзаро англашув ва ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи умумий тарихий меросга, Президентлар таъбири билан айтганда, тили ва дили бир бўлган икки давлатнинг келажакка қаратилган ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, тинч ва фаровон минтақани барпо этиш йўлидаги муҳим стратегик қадам бўлди.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори.
ЎзА