Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркияга амалий ташриф: 12 та инвестицион келишув ва экспорт шартномаси имзоланди
08:00 / 2022-02-23

Фарғона вилоят делегациясининг Туркияга амалий ташрифи якунланиб, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича самарали натижаларга эришилди.

 Ташриф доирасида умумий қиймати 142,6 миллион АҚШ доллар бўлган жами 12 та инвестицион келишув ҳамда экспорт шартномалари имзоланди. Булар орасида Фарғона шаҳрида Тиббиёт шаҳарчаси қуриш ва ташкил этиш бўйича “Hitit Sosyal Tesisler Sağlık İnşaat Ticaret Limited Şirketi” билан имзоланган 36 миллион долларлик ҳамда Фурқат туманида пахтадан тайёр тикувчилик маҳсулотини ишлаб чиқаришгача бўлган циклни қамраб олувчи комплексни барпо этиш бўйича “BENEKS” компанияcи билан имзоланган 35 миллион долларлик инвестицион келишувлар, “BTC Yapı A.Ş” компанияcи томонидан Фарғона шаҳрида қурилиш маҳсулотлари ҳамда эшик-ромлар ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, экошаҳарда кўп қаватли уйлар барпо этишни ўз ичига олган 25 миллион долларлик инвестиция шартномасини алоҳида қайд этиш мумкин. Экспорт шартномалари асосан енгил саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ип-калава ва матолар экспортини ўз ичига олган.

Шунингдек, қатор Туркия компаниялари вакилларининг яқин муддатда Фарғонага ташрифи доирасида 96,2 миллион долларлик инвестицион келишувлар имзолаш бўйича келишиб олинди.
Бурсадаги “Baktat” компаниялар гуруҳи, Фарғона ва Сўх туманларида малиначилик кластерини, Қува туманида эса биокимёвий ўғитлар ва мева сабзавотни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 7 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

“Studio Vertebra” компанияси билан ҳамкорликда 9 та турк компанияси иштирокида Фарғона вилояти шаҳарлари транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва замонавий автобусларни ва электробусларни харид қилиш, шаҳарсозлик, кўчаларни ёритиш ва коммуникация тизимларини ривожлантириш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди. Ушбу компаниялар вакиллари яқин кунларда эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этишни бошлаш учун Фарғона вилоятига ташриф буюрадиган бўлди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Истанбулда “Terminal Yapı” компаниялар гуруҳи бошқарув кенгаши раиси Мехмет Делимоллаоглу билан учрашиб, Фарғона халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш масаласини муҳокама қилди.

Бошқа соҳалардаги йирик лойиҳалар билан бирга, ҳозиргача дунё бўйича 40 та аэропорт қурилиши ва модернизациясида иштирок этган, Кипрдаги Эржан халқаро аэропорти бошқарувини амалга ошираётган Terminal Yapı компаниялар гуруҳи Фарғона халқаро аэропортини бошқарувга қабул қилиб, икки босқичда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, бунда дастлаб қўниш йўли қопламасини ва электр тизимини янгилаш, мавжуд терминални реконструкция қилиш ва кенгайтириш, иккинчи босқичда қўниш йўлагини кенгайтириш, янги терминал қуриш, беш йил муддатда аэропортда йиллик йўловчилар оқимини 3 миллион нафарга етказишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, лойиҳа доирасида аэропортда 200 тонналик совиткичли мева-сабзавот сақлаш омбори ҳам барпо этилиши, замонавий юк терминали фаолияти ташкиллаштирилиши ҳам кўзда тутилган. Шу билан бирга, Фарғона халқаро аэропортида авиация соҳаси мутахассисларини тайёрлаш таълим маркази ташкил этиш ҳам лойиҳадан ўрин олган. Лойиҳага биринчи йилда 15 миллион доллар, кейинги уч йилда 45 миллион доллар, жами 60 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция йўналтириш режалаштирилган.

 

М. Сулаймонов, ЎзА