Туркияда қатор зилзилалардан кейин 341 киши ҳибсга олинди. Улар зилзила пайтида қулаган биноларни талон-тарож қилиш, қурилиш қоидаларини бузишда айбланмоқда. Бу ҳақда “TRT” телеканали хабар берди.
Туркиянинг ўн бир вилоятида тергов идоралари 564 кишини қурилиш қоидаларини бузганликда гумон қилмоқда. 160га яқин одам аллақачон ҳибсга олинган, қолганлари қидирувда.
Шунингдек, 282 киши талончиликда гумонланмоқда. Улардан 181 нафари ҳибсга олинган.
Зилзилалар оқибатида бугунгача 43 минг 556 киши ҳалок бўлгани хабари берилган.

Истанбул шаҳрида сканерлаш усули ёрдамида қулаш хавфи юқори, деб таснифланган уйларни бузиш жараёни бошланди. Бу ҳақда мегаполис ҳокими Экрам Имомўғли ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида маълум қилди.
“Бу жараённи тезлаштириш ва рағбатлантириш мақсадида хавфли бинолардаги хонадонлар учун қўшимча 4,5 минг лира ажратамиз”, деган у.
Ўтган ҳафта бошланган биноларни ўрганиш натижасида табиий офат оқибатида қулаши хавфи юқори бўлган 318 та бино рўйхатга олинди. Бу уйларда ўн минг киши истиқомат қилади.
ЎзА