Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркияда зилзила ва сайлов...
17:43 / 2023-02-17

Жумадан жумагача

Туркиянинг жануби-шарқий минтақасида юз берган қатор кучли зилзилалар оқибатида Ғозиантеп, Қаҳрамонмараш, Хатай, Усмония, Адиёмон, Малатия, Шонлиурфа, Адана, Диёрбакир ва Килис вилоятлари энг кўп талафот кўрди. Марказий нуқтага яқин жойлашган қўшни Суриядаги Алеппо, Идлиб, Латакия ва Хама вайрона ичида қолди. Тўлқин Ливандан тортиб Грузиягача етиб борди...

Маҳаллий мутахассислар сейсмофаол Истанбулни ўта хавотирли минтақа, деб билар, шу сабабли мазкур мега шаҳарда баланд бинолар, хусусан, “Истанбул канали” қурилиши атрофида жиддий баҳс-мунозара тўхтамаётган эди. “Босфор-2”ни бунёд этиш жараёнида миллионлаб тонна тупроқ қазиб чиқарилиши Мармар денгиз сейсмик фаоллигига таъсир қилиши муқаррар, дея бонг урмоқда эди мухолифат.

Президент мазкур фалокатни 1939 йилдаги зилзила билан солиштирди. Ўшанда 32 мингдан кўп инсон ҳалок бўлган, юз мингдан ортиқ одам жароҳатланган.

Экспертлар табиий офат натижаси 14 май кунига мўлжалланган президент ва парламент сайловига таъсир кўрсатиши ҳақида баҳсли фикрлар билдира бошлаган.

Зилзила маркази курдлар яшайдиган минтақага тўғри келди, ҳукуматнинг эса кам сонли миллат билан муносабати анча таранг.

Ҳукумат ҳар қанча уринмасин, курдларнинг Демократик партиясини сиёсий жараёндан четлаштиришга эриша олмаяпти. Ушбу партиянинг аввалги етакчиси Салоҳиддин Демиртош бир неча йилдан бери ҳибсда. Бир неча ўн йиллардан буён ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси бу минтақада сайловни тўлиқ назоратга ололмай сарсон...

“Сайлов белгиланган муддатда ўтадими?” саволи атрофида турли фикрлар юрибди. Қутқарув-қидирув давом этаркан, муҳим масала ҳақида ўйлаш ҳукуматнинг кўнглига сиғмаяпти ва бу тўғри ҳам!

Эҳтимол, сайлов кечиктирилар?! Давлат раҳбари мухолифат вакиллари билан учрашиб, кейин бир фикрга келиши тўғрисида ҳам гап-сўз бор.

2018 йилдаги маълумотга кўра, зилзиладан зарар кўрган ўн вилоятда тўққиз миллионга яқин сайловчи бор. Ҳудуддан бу йил давлат раҳбари ва 91 нафар депутат сайланиши керак эди. Бунинг устига минтақада уч ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Бу яна бир бош оғриғи...

Давлат етакчиси вайрона шаҳарларда бўлиб, бир йил ичида барча йиқилган уйлар тикланишини айтди. Демократик партия раиси Гултекин Уйсал “Сайлов бир йилга кечиктирилишини тушуниш керакми?”, дея елка қоқиб қўйди.

“Яхши” партияси раиси ўринбосари Баҳодир Эрдем “Конституцияга, “Президентлик сайлови тўғрисида” ва “Парламент сайлови тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, уруш туфайли сайлов бир йил кечикиши мумкинлигини эслатди. Ҳужжатларда эса “табиий офат ҳақида гап-сўз йўқ”.

Туркияда бунга мисол бор.   Шарқий Онадўли минтақаси Муш вилоятининг Варто шаҳрида 1966 йил 16 августда содир бўлган, уч мингга яқин одам вафот этган зилзила сайлов пайтига тўғри келгани учун минтақада маҳаллий сайловлар бир йилга кечиктирилган эди...

Охирги гапни Марказий сайлов комиссияси айтади, МСК эса “юқорининг буйруғисиз ҳеч нарса қилмайди”, дейди таҳлилчилар. Сайловни ўтказиш бўйича қарор чиқса, қонунга кўра, ҳужжатни Буюк миллат мажлиси тасдиқлаши керак...

Ҳозирча биз турк халқига ҳамдардмиз...

Байден сайловда қатнашади...ми?

Ўтган ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден “Мамлакатдаги вазият тўғрисида” Конгрессга мурожаат қилди. Аслида, Конституцияда президентга бундай мажбурият юкланмаган. 1930-йилларда урфга кирган бу анъана ҳалиям давом этиб келяпти. Одатда Конгрессга мурожаат январь ойи охиридан февраль ойи ярмигача бўлиб ўтади.

Джо Байден поздравил сборную США по футболу с победой над командой Ирана в  матче чемпионата мира-2022. Спорт-Экспресс

Мурожаатда асосий урғу Американинг ички муаммоларига қаратилади, ташқи сиёсат иккинчи даражага тушиб қолди.

Давлат етакчиси тантанавор тарзда эришилган муваффақиятлар ҳақида тўлқинланиб гапирдики, экспертлар бундан “ҳали қиладиган ишларим кўп”, деган маъно чиқаришди. Бинобарин, америкаликларнинг ўзлари ҳам бу гапларга анчайин шубҳа билан қарашди.

АҚШнинг барча Президентлари иккинчи муддатга сайланиш учун ҳаракат қилган. Фақат Линдон Жонсон 1968 йили – Вьетнам уруши авж олиб турган пайт “шарманда бўлмаслик учун” имкониятдан воз кечган.

Мурожаатда америкаликларни кўпроқ қизиқтирадиган иқтисод масаласи кўтарилди: ишсизлик даражаси охирги 50 йил 3.4 фоиз тушгани ҳақида мақтанилди. Янги ҳокимият даврида 800 минг ишчи ўрни яратилгани, инфляция ва энергия ташувчи воситалар нархи туша бошлагани таъкидланди.

Аслида, аксарият аҳоли Байден маъмуриятининг иқтисодий муваффақиятига шубҳа билан қарайди. “Gallup” маркази ўтказган ижтимоий сўровда учдан икки қатнашчи жорий йил биринчи ярмида инфляция даражаси ошишини тахмин қилган, “NBC News” сўровида 61 фоиз респондент Байденнинг иқтисодий бошқарувини қўлламаслигини қайд этган.

Давлат раҳбари полицияда ислоҳот ўтказиш, қурол назорати бўйича янги қонун ишлаб чиқиш масаласига тўхталди. Ортиқча йиғимлар, масалан, банк тизимида, дам олиш жойида, самолётда ўринни банд қилиш учун белгиланган турли-туман божларни бекор қилиш чораси ишлаб чиқилаётнини санаб ўтди. Экспертлар бундай баландпарвоз гаплар қайта сайланиш мақсадига йўналтирилганини иддао қилишди.

Маърузада инсулин нархини тушириш, миллиардерлардан олинадиган солиқни кўпайтириш ва бошқа режалар ҳам ўрин олди.

Яна бир ташвишли муаммо – гиёҳванд моддалар туфайли ўлим ҳолати кўпайиб бораётгани. Байденнинг сўзларига қараганда, йилига 100 мингга яқин инсон оғу таъсирида вафот этмоқда. Таҳлилчилар эса Трамп даврида наркотикдан ўлим сони анча кам бўлганини эслатишди.

Ўтган ҳафта Америка осмонига учиб келган Хитой шари жиддий шов-шувга сабаб бўлиб турган пайтда, Байден нутқи охирида “ХХР бизнинг суверенитетга тажовуз қиладиган бўлса, мамлакатимиз ҳимояси учун қатъий ҳаракат билан жавоб берамиз”, деб қўя қолди.

Унинг наздида, гўё, Украинада ҳеч нима бўлмаётгандек. Шунчаки, меҳмонлар учун ажратилган ҳудудда ўтирган Украинанинг АҚШдаги элчисига қарата “қанча зарур бўлса, шунча ёрдам берамиз”, деб ваъда беришни унутмади.

Етакчи зилзиладан ҳам бехабардек, Туркия ва Сурияни эслаб ҳам қўймади.

Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, Президентнинг бу мурожаатини 38 миллион киши телевизор орқали кузатган. Миллий футбол лигаси ўйини (Super Bowl)ни эса 100 мингга яқин ишқибози томоша қилибди...

Хитой – Эрон дўстлиги...

Ҳафтанинг яна бир муҳим воқеаси Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг Хитойга сафари бўлди. Бу Эрон раҳбарининг ХХРга йигирма йил ичидаги илк давлат ташрифидир.

Иран и Китай подписали 20 документов о сотрудничестве и меморандумов о  взаимопонимании в рамках визита Э.

Охирга марта Раисий ва Цзиньпин ўтган йил сентябрда Самарқандда, ШҲТ саммитида кўришган. Ўшанда Хитой етакчиси икки мамлакатни “анъанавий дўстлик боғлайди, ўзаро муносабатимиз халқаро вазият ўзгариши асносида синовдан ўтган”, деган эди.

Бу галги учрашув натижасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган, турли соҳаларни қамраб олган 20 та битим имзоланди. Раисий ҳар бир қадамини, ҳар бир суҳбат мавзусини мамлакат маънавий етакчиси Оятулло Сайид Али Ҳумайний билан келишди, дейишди таҳлилчилар.

Эрон делегация таркибини шакллантиришга алоҳида эътибор берди. Рўйхатдан ташқи ишлар, иқтисодиёт, транспорт, нефть, қишлоқ хўжалиги ва савдо вазирлари, шунингдек, ядро дастури бўйича етакчи музокарачи Али Багерий Каний ва Марказий банк раиси жой олишди.

Бундан ташқари Раисий Хитой Коммунистик Партияси бош нашри “People’s Daily” газетаси учун ёзган мақоласида Эрон ташқи сиёсати доктринасини таърифлади. Унинг сўзларига эътибор берайлик: “Сайёравий геосиёсий инқироз янги аниқ контурларни белгилаб, янги даврни бошлаб бермоқда. Бу жараёнда инсониятнинг ўсиб борувчи икки цивилизацияси – тарихий ташаббус доирасида бир-бири билан қадимги Ипак йўли орқали боғланган Эрон ва Хитой фаол бўлади!”

Экспертлар Хитой – Эрон – Россия салоҳиятли стратегик учлиги атрофида жуда кўп гапирадилар. Москва бу иттифоқда цивилизация идентификацияси нуқтаи назаридан кичик шерик сифатида баҳоланади.

Ягона муаммо бундан кейин Теҳрон ва Пекин қадимий муносабатни янги йўлда қандай давом эттириши билан боғлиқ.

Раисий Хитой Халқ Вакиллари мажлисининг доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу билан учрашувда ўзаро муносабатни “оғир йиллар синовидан ўтган дўстлик”, деб атади.

Бу баёнот бекорга янграмади: Теҳрон ва Пекин иттифоқи ҳалиям Эрондаги Ғарб билан мулоқот тарфдори бўлган айрим сиёсий кучларга ёқмаслиги аниқ. Айнан ўшалар Хитой билан 25 йилга мўлжалланган “Ҳамкорликнинг комплекс режаси” ҳужжатига эътироз билдиришган. Қарши томон фикрича, ҳужжат амалда ишлай бошласа, “Яқин Шарқда сиёсий ва иқтисодий кучлар тақсимланиши жиддий ўзгаришга олиб келиши, Теҳроннинг Ғарб йўналишидаги ҳаракатини сусайтириб қўйиши мумкин”.

Эронлик экспертлар икки давлатнинг ўзаро манфаатли интилиши натижасида сиёсий ва иқтисодий мақсадларга биргаликда эришиш имконияти кенг, дейишади. Мамлакатнинг бошқа давлатлар билан ҳамкорликда Яқин Шарқдаги стратегик мақсадларига эришиш имконияти чегаралангани АҚШнинг геосиёсий ва молиявий-иқтисодий гегемонлигини бузиш учун “Теҳронни Пекин ва Москва қучоғига йўналтирмоқда”. Бу эса Вашингтонга қарши бораётган Эрон учун маъқул. Қолаверса, минтақада сиёсий, ҳарбий, молиявий ва иқтисодий салоҳиятини кенг намойиш қилаётган Пекинга ҳам тўғри келмоқда.

Бундан ташқари Эрон нефть ва табиий газ захирасига бой юрт. Бу ҳам Хитойга жуда қўл келадиган омил. Боз устига Эрон Хитой маҳсулотлари учун кенг бозор.

Ҳозир Пекиннинг Теҳрон туфайли Вашингтон билан муносабатни кескинлаштириши, Америка санкцияларига қарши бориши анча мушкул.

Раисий Пекинга сафари давомида, давлат раҳбаридан ташқари, Бош вазир Ли Кэцян, парламент раиси Ли Чжаньшу, шунингдек, ҳукумат аъзолари ва давлат корпорациялари вакиллари билан учрашди. Томонлар икки мамлакат ўртасида эришилган турли соҳадаги ҳамкорлик муҳимлигини тасдиқлаган. Халқаро ва минтақавий, айниқса ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олган.

Эрон ва Хитой экспертлари фикрича, бу галги ташриф икки мамлакат етакчилари ўртасида “юқори даражада сиёсий ишонч” туғилганидан дарак беради. Қолаверса, Эрон ўзи белгилаган буюклик мақомида ташқи сиёсатдаги векторини кенгайтирмоқда...

Бугунча шу.

Келаси жумада хабарлашгунча!

Аброр Ғуломов,

ЎзА сиёсий шарҳловчиси