English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркияда зилзила қурбонлари сони 48 мингга етди
09:29 / 2023-03-13

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 6 февралда бошланган кучли ва сурункали давом этиб келаётган зилзилалар оқибатида қурбонлар сони 48 мингга етди, деб маълум қилди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги давлат раҳбаридан иқтибос келтирди.

Мамлакат етакчисининг маълумотига кўра, ярадорлар сони 115 мингдан ошган.

Президент февраль ойидаги зилзилалар ўтган асрдаги энг йирик табиий офат бўлганини таъкидлади.

“Зилзилалар транспорт инфратузилмасига катта зарар етказди. Шунга қарамай, ҳукумат жабрланган фуқароларга ёрдам бериш учун зудлик билан барча кучларни сафарбар қилди. Табиий офат зонасидаги фуқароларга озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар билан таъминлаш учун бутун мамлакатдаги минглаб юк машиналари гуманитар ёрдам олиб келди”, деди у.  

Эрдоған чет эллардан ёрдамлар юбораётгани учун давлатларга алоҳида миннатдорлик билдирди.

“Анадолу”нинг хабарига кўра, кеча Бирлашган Араб Амирликларидан гуманитар ёрдам келтирган навбатдаги 217-самолёт келган. 7 минг 27 тонналик юкнинг ичида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, палаткалар бор.

Туркияда ер силкинишлар ҳали давом этмоқда. Бугун соат 04.34 ва соат 05.13 да Малатьяда 4,7 ва 4,5 магнитудали зилзила содир бўлган.  

Шунингдек, Хатайнинг Хасса районида соат 05.23да 4,4 балли ер силкиниши қайд этилган.

 

ЎзА