Туркиянинг Истанбул шаҳрида “IMOB” 17-халқаро мебелсозлик кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси ахборот хизмати маълум қилишича, ушбу кўргазмада мамлакатимиз мебель корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳам намойиш этилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, “IMOB” мебель саноати бўйича жаҳондаги энг йирик кўргазмалардан биридир. Нуфузли халқаро тадбирда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан келган соҳа вакиллари иштирок этмоқда. У мебель саноати янгиликлари ва дизайнларини намойиш этиш ҳамда соҳа мутахассислари учун энг муҳим мулоқот майдонига айланиб улгурган.
– Ўзбекистон тарихида илк бор маҳаллий мебель саноати вакиллари ушбу кўргазмада расман ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда, – деди Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси ва Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров. – 312 квадрат метрдан иборат “Made in Uzbekistan” бренди остидаги миллий дизайндаги павильонда 20 та мебелсозлик корхонасининг маҳсулотлари тақдим этилмоқда. Муҳими, иштирокчилар учун Европа, Америка ва Африка мамлакатлари бозорига чиқиш, дунёдаги йирик компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда тажриба алмашиш имкониятлари пайдо бўлади. Кўргазманинг илк кунидаёқ маҳаллий тадбиркорларимизнинг ҳар бири 20 дан ортиқ потенциал харидорлар билан алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди. Бу эса биз учун жуда қувонарлидир.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ўзбек тадбиркорлари делегацияси кун тартибидан иқтисодий саноат ҳудудлари билан танишув, йирик инвестицион компаниялар билан учрашувлар, Turk Eximbank билан расмий музокаралар ва бошқа ҳамкорлик тадбирлари ўрин олган.
Бундай саъй-ҳаракатлар эса ўзбек мебелсозлиги миллий брендининг дунёга танилиши ва мебелсозлик маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишда дадил қадамдир.
“IMOB” халқаро мебелсозлик кўргазмаси 8 август куни якунланади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА