Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркияда Янги йил байрами олдидан рейдлар ўтказилмоқда
14:07 / 2025-12-26

Туркия хавфсизлик кучлари Янги йил байрами арафасида ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан режалаштирилган ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида Истанбулда кенг кўламли махсус амалиёт ўтказди ва натижада 115 нафар гумонланувчи қўлга олинди, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.

Полиция Истанбул бўйлаб 124 манзилда рейдлар ўтказиб, қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар ва террорчилик фаолиятига оид ҳужжатларни мусодара қилган. Айрим гумонланувчиларнинг Сурия ва бошқа можаро ҳудудларида жанговар тажрибага эга экани, бошқаларининг эса халқаро даражада қидирувда бўлгани маълум қилинди.

Аввалроқ, Анқара жандармия бошқармаси Истанбул ва пойтахтда Янги йил байрами олдидан оммавий ҳужумлар режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Хабарларга кўра, террорчилар савдо марказлари ва гавжум бозорларни нишонга олиб, қуролли ҳужум, худкушлик, автомобиль орқали бостириб кириш ёки дронлардан фойдаланишни режалаштирган.

Таъкидланишича, жорий ҳафта Анқарада ИШИДнинг молиявий тармоғига қарши алоҳида тергов бошланган. Айрим шахслар Сурия ҳудудидаги террорчилар ва уларнинг оилаларига пул маблағларини гўёки “хайрия” ёки “ёрдам” ниқоби остида юборган.

Туркия ўтган йилларда қуролли гуруҳнинг ҳужумларидан оғир зарар кўрди. Масалан, 2015 йил Анқарадаги митингда портлаш, 2017 йил Истанбулдаги Реина тунги клубига ҳужум ва бошқа террорчилик ҳаракатлари юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлди.

Расмийларнинг айтишича, ҳозирги амалиётлар айнан шу каби фожиаларнинг такрорланишига йўл қўймасликка қаратилган ва хавфсизлик кучлари байрам кунлари юқори шайлик ҳолатида қолади.

Мусулмон Зиё, ЎзА