Ватанимизнинг довруғини кўкларга кўтариш, унинг асл қадриятларию, туганмас маданий меросини бутун дунёга ёйиш ва келажак авлодга мерос қилиб қолдириш чинакам фуқаролик бурчимиздир.
Куни кеча Аланя шаҳрида Туркиянинг “Байгенч” нашриёти ва Ўзбекистондаги “Shine” қизлар академияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда турли соҳаларда самарали фаолият олиб бораётган иқтидорли ва фаол аёл-қизларнинг ижодий ишлари жамланган “Sözler Dansı: Özbek Kızlarının Yaratıcı Çalışmaları” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.


Тадбирда бир гуруҳ ижодкор ўзбек аёл-қизлари, турк шоир-ёзувчилари ва талабалар иштирок этишди.
– Ҳар бир қиз ичида истеъдод бор, -дейди лойиҳа раҳбари Шоҳида Юсупова. – “Сўз рақси: ўзбек қизлари ижоди” китоби ватанимизнинг ёш “ниҳоллари”ни дунё аҳлига ўз билим ва кўникмалари, ютуқлари билан тараннум бўлишига катта ҳисса қўшади. Айни пайтда биз АҚШ, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Миср каби давлатларнинг нуфузли университетлари билан маданий алмашинув лойиҳаларини амалга ошириб келмоқдамиз. Бошқача айтганда, халқаро антологиялар нашр этиш орқали Ўзбекистон ва ўзбек хотин-қизлари ижобий имижини дунё бўйлаб тараннум этяпмиз. Мақсадим – илмли, иқтидорли дугоналаримни халқаро миқёсда танитиш.


Йиғинда сўз олган “Байгенч” нашриёти раҳбари Арслан Байир бу каби тадбирларнинг ўтказилиши миллатлар ўртасидаги адабий, маданий ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.
– Азал-азалдан миллатларимизнинг илдизлари теран, дини бир ва маданияти муштарак, - деди у. – Энг муҳими, алоқаларимиз ривожи йўлида адабиётнинг ҳам ўрни беқиёс. Биз учун туркий давлатлар адабиёти ва маданияти жуда қизиқ. Бу жараёнларда ўзбек аёл-қизларининг фаоллиги эса қувонарли ҳол.


Шунингдек, тақдимотда мазкур китобда ижодий ишлари чоп этилган истеъдодли аёл-қизларимиз сўзга чиқиб, диёримизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида йиғилганларга маълумот беришди.
Дарҳақиқат, бундай лойиҳалар диёримизнинг маданий ва ижодий салоҳиятини сайёрамиз бўйлаб намойиш этиш, аёлларимиз интеллектуал имкониятини юксалтириш, қолаверса, давлатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ў.Алимов, ЎзА