Бугун Туркияда Миллий истиқлол ва болалар куни (Ulusal Egemenlik ve Çocuk Bayramı) нишонланмоқда.
Давлат байрами Туркия мустақиллигига ва бутун дунёдаги болаларга бағишланади. Бу Мустафо Камол Отатурк томонидан жаҳон болаларига бағишлаб жорий қилган дунёдаги ягона байрамдир.
1920 йилнинг 23 апрель куни Анқарада Туркия Миллий Мажлиси сессиясининг очилишида нутқ сўзлаган Мустафо Отатурк болалар инсоният келажаги эканлигини айтган эди.
Антанта кучлари тор-мор этилиб 1922 йил 9 сентябрда тинчлик сулҳи имзоланганидан кейин Отатурк 1923 йил 24 июлда янги Туркия қуришга киришди. У 23 апрелни суверенитет куни дея эълон қилди ва бу кунни болаларга бағишлади. У мамлакат мустақиллиги ҳимоясини болаларга ишониб топширди.
Бу байрам ҳар йили Туркия шаҳарларидаги стадионларда кенг нишонланади. Шу куни болалар расмий давлат хизматчилари ўрнини эгаллайди. Ҳатто Туркия президенти, хукумат аъзолари ва губернаторлар ўз ўринларини болаларга бўшатиб беришади. Болалар таълим ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасига оид фармойишларни имзолайдилар. Жумладан, Миллий мажлис депутатлари ҳам ўринларини болаларга беришади. «Ёш депутатлар» парламентда оила ва болаларга бағишланган масалаларни муҳокама қиладилар.
Сўнги 20 йилда Туркия расмийлари мазкур байрамни кенг татбиқ этиш мақсадида улкан ишларни амалга оширдилар. Жумладан, ҳар йили бу байрамда иштирок этиш мақсадида дунёнинг турли мамлакатларидан Туркияга болалар таклиф қилинади. Улар турк оилаларида истиқомат қилишади ва Буюк Миллий Мажлиснинг алоҳида сессиясида иштирок этадилар.
Мазкур тадбирлар Туркия телерадиокомпанияси (TRT) ташаббуси билан ўтказиладиган Халқаро болалар фестивалининг таркибий қисми ҳисобланади. Одатга кўра турли мамлакатлардан келган болалар ўзларининг миллий либосларида бўлишлари керак. 2021 йилда коронавирус пандемияси боис оммавий тадбирлар бекор қилинди. Пайшанба соат 19.00дан то душанба эрталабки 05.00га қадар комендантлик соати жорий қилинди.
Туркиянинг саъй-ҳаракатлари билан 23 апрель ЮНИСEФ томонидан Халқаро Болалар куни дея эътироф этилган.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА