Сирдарё вилоятидан 36 нафар тажрибали ва фаол ўқитувчилар 23 ноябрь куни Туркия Республикасига бир ҳафталик малака ошириш курсида иштирок этиш учун йўлга чиқди. Мазкур курс 30 соатлик замонавий ўқув-амалий машғулотларни ўз ичига олиб, ўқитувчиларга Туркия таълим тизими, инновацион педагогик технологиялар ва илғор методлар билан яқиндан танишиш имконини яратади.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2025 йил 15 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Йиғилишда жорий йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳардан камида беш нафардан мактаб ўқитувчиларини хорижга малака оширишга юбориш топшириғи берилган эди.

Малака ошириш дастури давомида ўқитувчилар турк мутахассислари билан ўқув семинарлари, амалий тренинглар ва тажриба алмашиш жараёнларида иштирок этиб, ўқув жараёнини такомиллаштиришга хизмат қиладиган инновацион ёндашувлар билан танишадилар. Уларнинг қайтиши билан Сирдарё вилояти таълим муассасаларида янги фикрлар, самарали методик тавсиялар ва замонавий ўқитиш усулларининг кенг жорий этилиши кутилмоқда.

Ўқитувчиларни Туркияга кузатиш маросими Гулистон шаҳрида тантанали тарзда ўтди. Тадбирда Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти, таълим соҳаси ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Маросимда бошқарма бошлиғи ўринбосари Даврон Исоқов ўқитувчиларга мурожаат қилиб, қуйидаги фикрларни билдирди:

– Педагогларнинг хорижда малака ошириши — бу таълим сифатига энг катта сармоядир. Ҳар бир ўқитувчи ўз тажрибаси, билим ва умидлари билан бизнинг келажагимизга хизмат қилади. Туркияда олинадиган тажриба нафақат дарс жараёни, балки болаларга бўлган муносабат ва тарбия усулларини ҳам янги босқичга олиб чиқишига ишончимиз комил. Бу ташриф — Сирдарё таълими ривожи йўлидаги муҳим қадам, – деди Даврон Исоқов.
Унинг таъкидлашича, вилоятда педагоглар малакасини оширишга қаратилган бундай ташрифлар мунтазам давом эттирилади ва уларнинг натижаси аниқ самаралар билан кўриниб боради.
Сирдарёлик ўқитувчиларнинг Туркияга ташрифи таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси бўлиб, педагогларнинг касбий салоҳияти ва таълим сифати ошишига хизмат қилади. Уларнинг юртимизга янги ғоялар ва илғор методлар билан қайтиши, шубҳасиз, вилоятдаги барча таълим муассасалари фаолиятида ижобий ўзгаришлар яратишга замин бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири