Туркия Фавқулодда вазиятлар департаментининг маълумотига кўра, зилзилалар оқибатида вафот этганлар сони 41 минг 20 кишидан ошди. 76 мамлакатдан келган қутқарув-қидирув гуруҳлари қайтиб кетаётганликларини маълум қилди.
Туркиянинг жануби-шарқий минтақасида кучли зилзилалар муносабати билан Президент Режеп Таййип Эрдоғанга таъзия телефонлари давом этмоқда.
19 февраль куни Болгария ва Мальта Президенти Румен Радев ва Жордж Велла, Албания Бош вазири Эди Рама ҳамда Босния-Герцеговина Президиуми собиқ аъзоси Бакир Изетбегович ҳамдарлик билдирдилар.
“Турк ҳаво йўллари” авиакомпанияси зилзила минтақасидан 256 минг 754 кишини эвакуация қилди.

Истанбул касалхоналарида зилзила минтақасида зарар кўрган бир минг 300 киши даволанмоқда.
Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар Суриядан Хатай вилоятига кўчиб келаётган арабларнинг кўпайиб бораётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.
Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожа зилзила содир бўлган минтақаларда юқумли касалликларнинг тарқалиши қайд этилмагани тўғрисида баёнот берди.
Туркия атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курумнинг маълумот беришича, мазкур минтақадаги 927 биноларнинг зилзилабардошлиги ўрганиб чиқилган.
Улардан 118 мингтаси таъмирталаб экани айтилган ёки кечиктирмасдан уларни бузиб ташлаш тавсиялари берилган.
Туркиянинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва чет элларнинг бевосита кўмаги билан зилзиладан талафот кўрган минтақаларда 216 минг 166 чодир тикилди.
Аброр ХОН, ЎзА