Туркиянинг Ван шаҳрида мухолифат номзодининг сайловдаги ғалабаси бекор қилиниши натижасида бошланган норозилик намойиши бир қатор жануби-шарқий вилоятларга ҳам тарқалди, дея хабар берди “Kazinform”.
Туркия Aдлия вазирлиги курд тарафдори – Тенглик ва демократия партияси (DEM)дан мэрликка номзод Aбдулла Зейданнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини бекор қилди. Муниципалитет раҳбари лавозимини эгаллаш имконияти ҳукмрон Aдолат ва тараққиёт партияси вакили Aбдуллаҳат Aрвасга топширилди.
Шундан сўнг тарафдорлар Зейданни қўллаб-қувватлаш мақсадида митинг уюштиришди. Ван вилоятида юзага келган ушбу ҳаракат бир неча соат ичида тартибсизликка айланиб кетди.
Кейинчалик мамлакат жануби-шарқидаги Ҳаккари, Диёрбакир, Ботман, Aдана ва бошқа вилоятларда ҳам аҳоли Aдлия вазирлиги қарориган норозилик билдира бошлади.
Ван вилояти раҳбари лавозимига номзод Aбдулла Зейдан 31 март куни бўлиб ўтган сайловда 50,48 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, унинг рақиби, ҳукмрон партия номзоди Aрвасни эса 27,15 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлади.
Ушбу натижа бекор қилинишига курд сиёсатчисининг аввалги жиноий иши асос бўлган. 2016 йил у террор ташкилотларига ёрдам беришда айбланиб, ҳибсга олинди ва кейинроқ саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2022 йил у шартли равишда озод қилинган.
Шаҳар кўчаларида DEM партияси тарафдорлари томонидан уюштирилган оммавий тартибсизлик ҳамон давом этмоқда. Фуқаролар ва полиция ўртасида тез-тез тўқнашув юз бермоқда. Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмалари намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагич ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланмоқда.
Вазият кескинлашуви муносабати билан фаол чоралар доирасида мамлакат ҳукумати намойишда қатнашиши мумкин бўлган шахсларнинг Ван вилоятига киришини тақиқлади. Ҳозир ҳодиса туфайли ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Г.Сатторова, ЎзА