Пойтахтимизда ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти ёшлар ва спорт йўналишига масъул вазириларнинг 9-йиғилишида иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Туркия ёшлар ва спорт вазири Осман Ашкин Бак бугун Самарқанд шаҳрида бўлди.
Юқори мартабали меҳмон қадимий ва ҳамиша навқирон кент билан танишувни Амир Темур мақбараси зиёратидан бошлади. Туркия вазирига буюк жаҳонгир ва темурийларнинг Шарқда қудратли давлат барпо этиб, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида амалга оширган ишлари, бунёдкорлик салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Самарқанд
Дунёга машҳур Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи, Амир Темур жомъе масжиди ҳам меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлашди. Сиёб деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик, серқуёш заминимизда етиштирилган ноз-неъматлар меҳмонларга манзур бўлди.
Осман Ашкин Бак бошчилигидаги делегация Конигил туризм қишлоғида самарқандлик ҳунармандлар томонидан қадимий усулда Самарқанд қоғози тайёрлаш жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, “Боқий шаҳар” марказида миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилди.
Меҳмонлар Самарқандга саёҳати мазмунли ўтганини қайд этиб, ўзбек халқи бой тарих ва маданиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари