Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия ва Япония компаниялари билан ҳамкорлик қилинади
11:32 / 2025-02-17

Яқинда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида режалаштирилаётган ишлар юзасидан аҳолига мурожаат қилган Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев вилоят марказида халқаро тажриба асосида 800 ўринли кўп тармоқли замонавий клиника қурилиши ҳақида маълум қилганди.

Вилоят ҳокимлигида мазкур масала юзасидан Япониянинг “Sojitz” ва Туркиянинг “Rönesans International” компаниялари билан вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев бугунги кунда Самарқанд шаҳрида бир нечта йирик давлат ва хусусий тиббиёт марказлари мавжуд бўлса-да, улар асосан маълум бир ихтисосликдаги клиникалар эканлиги, шу сабабли илғор халқаро тажриба ва технологияларни жалб қилган ҳолда бугунги кун талабларига жавоб берадиган кўп тармоқли тиббий муассасага эҳтиёж борлигини таъкидлади.  

Япония ва Туркия компаниялари масъуллари мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, дунё бўйлаб амалга оширилаётган йирик лойиҳалардаги иштироки тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, айни пайтда мамлакатимизда Япония ва Туркия билан ҳамкорликда тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш каби йўналишларда бир қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.  

Учрашувда Самарқанд шаҳрининг янги  Ширин шаҳарчасида қурилиши режалаштирилаётган 800 ўринли кўп тармоқли тиббиёт маркази лойиҳаси тақдим этилди. Умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган шифохона инфратузилмаси, ташкил этиладиган бўлимлар ва келтириладиган тиббий жиҳозлар юзасидан фикр алмашилди. Мазкур марказ негизида кейинчалик тиббий кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида хорижий инвесторлар ва хусусий сектор вакиллари учун кенг имконият ҳамда қулайликлар яратилган, – дейди Туркиянинг “Rönesans International” компанияси вакили Жем Ўзоғуз. – Ана шу жиҳатларни инобатга олиб биз Япония корпорацияси билан биргаликда Самарқандда замонавий клиника қуришни мақсад қилдик. Бу таклифимиз вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани бизга катта мадад бўлади. Шифохона давлат-хусусий шериклиги асосида ташкил этилади. Шунингдек, биз клиникани бошқариш ва юқори малакали тиббиёт ходимлари тайёрлашда ҳам иштирок этамиз.  

Томонлар тақдим этилган лойиҳани мутахассислар иштирокида атрофлича муҳокама қилишга келишиб олдилар.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири