Туркияда 658 мингдан зиёд киши, Сурияда тахмин 170 минг киши февраль ойида юз берган зилзила туфайли даромадларидан айрилган, дея маълум қилди Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ).
“Зилзиладан жабр кўрганлар қашшоқликка юз тутмасидан бурун, уларга зудлик билан ёрдам бериш керак, дейилади ташкилот тарқатган баёнотда.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Туркияда зилзила туфайли 658 минг ишчи яшаш учун даромад топа олмайди”, – дея таъкидланади ташкилот маърузасида. Мамлакат берган маълумотда келтирилишича, зилзила туфайли 150 мингдан зиёд иш ўрни фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келган.
ХМТ ташкилотининг баҳолашича, табиий офат рўй берган ҳудудларда ҳар бир ишчи ойига ўртача 230 доллар йўқотмоқда. Умуман, зилзила оқибатида йўқотилаётган жами даромад ойига 150 миллион долларни ташкил этмоқда.
“Сурияда 12 йилдан буён фуқаролар уруши давом этмоқда. Қуролли можаролар Сурия иқтисодиётига ва меҳнат бозорига улкан зарар келтирди. Ҳисоб-китобларга кўра, Сурияда зилзила натижасида 170 минг ходим иш ўринларидан ажралган”, – дея таъкидланади маърузада.
БМТнинг ихтисослашган муассасаси ҳисобланган ХМТ ташкилоти зилзила туфайли даромадидан айрилган аҳолига ёрдам кўрсатилмаса, Туркия билан Сурияда қашшоқлик кўпайишини башорат қилмоқда. “Иш топишга кўмак бериш қашшоқликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга”, дейди ХМТ бош директори Жильбер Хунгбо.