French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия ва Ўзбекистон
21:19 / 2022-03-28

Туркия Республикаси Осиё ва Европа қитъалари кесишган нуқтада жойлашган. Бу давлат аҳолиси ўзбекларни қардош, Ўзбекистонни ота юрт, деб атайди. Туркия сиёсати барқарор, иқтисодиёти тобора мустаҳкамланиб бораётган давлат бўлиб, бугун халқаро муносабатларда муҳим роль ўйнамоқда.

Масалан, бугун дунё матуботида Россия ва Украина делегациялари музокарасининг навбатдаги даврасини Истанбулда ўтказиш бўйича Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан Россия Президенти Владимир Путин келишиб олганлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу икки давлат ўртасидаги низони бартараф этиш бўйича Туркия раҳбари олиб бораётган изчил ҳаракатни, телефон қўнғироқларини, ҳар бир тараф билан юритаётган музокараларини дунё афкор оммаси кўриб турибди. Умуман, Туркия ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда.

Маълумки ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради. Икки дўст давлат раҳбарларининг учрашувлари яхши анъана тусини олган. Шавкат Мирзиёев 2021 йил 11-12 ноябрь кунлари Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиб, Режеп Таййип Эрдоған билан алоҳида суҳбат қурди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифини эса жаҳон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолаган эди.

Саноати, қишлоқ хўжалиги, фани, маданияти анча ривожланган Туркия иқтисодий қудратига кўра, дунёда тараққий этган 20 та кучли давлатлар гуруҳига киради. Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28, қишлоқ хўжалиги 15, қурилиш 6, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Туркия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўп миқдорда етиштириб, хорижий давлатларга ҳам сотади. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида Туркиянинг қайта ишлаш саноати ҳавас қиларли даражада катта улушга эга. Яна бир диққатга сазовор томони шундаки, Бутун мамлакат бўйлаб ёйилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга салмоқли ҳисса қўшади. Шунингдек, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш ҳажми жуда юқори. Туркияда туризм ҳам юқори суръатда ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади.

Ана шундай қудратли давлат билан ҳамкорлик қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёдаги энг асосий шерикларидан биридир. Рақамларга эътибор берайлик. Ўзбекистоннинг 35 миллиондан зиёд аҳолиси, улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлари, масжид-у мадраса, мақбаралари, диний қадамжолари Туркиядаги қардошларимизда катта қизиқиш уйғотяпти. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон бирдек манфаатдорлиги ўзаро муносабатлар истиқболи порлоқ эканидан далолат.

Бугунги кунда мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритяпти. 2016 йил икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард долларини ташкил этган бўлса, 2021 йил охирида бу миқдор 29 фоиз ошди. Шу йилнинг ўзида юртимизда Туркия ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитациядан ўтди. Ушбу рақамлар Ўзбекистон-Туркия иқтисодий муносабатларида улкан салоҳият борлигини яққол намоён этиб турибди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатда янги саҳифа очади, деб ишонч билдирамиз. Янги имзоланажак ҳужжатлар, эришилажак келишувлар Туркия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги муносабатни, қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ирисмат Абдухолиқов ЎзА, шарҳловчи