“Анадолу” хабар беришича, Туркия Энергетика ва табиий манбалар вазири Алпарслон Байроқдор Туркия ва Озарбайжон ҳамкорлиги Европа ва минтақада таъминот хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини айтди. Унинг фикрича, ҳамкорлик келажакда ўсишда давом этади.
Байроқдор Озарбайжонда энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов билан учрашиб, Озарбайжоннинг электр энергияси ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги сўнгги ютуқлари таҳсинга сазовор экани, ушбу соҳадаги алоқалар янада институционаллашгани, ўтган йил Нахичеванда тўртинчи Туркия – Озарбайжон Энергетика форуми муваффақиятли ўтказилганини олқишлаб, бу йилги анжуман Туркияда бўлиб ўтишини таъкидлади.
Шаҳбозов, ўз навбатида, Туркия билан, барча соҳаларда бўлгани каби, энергетика соҳасида ҳам тизимли, фойдали ҳамкорлик йўлга қўйилаётганини эътироф этди.
Туркия билан нефть ва табиий газ, электр ва қайта тикланадиган энергия манбалари каби кўп қиррали кун тартиби мавжудлигини қайд этган Озарбайжон вазири энергетика соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилишини қўшимча қилди.