English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия ва Греция ўртасидаги муаммонинг сабаби нимада?
20:56 / 2022-07-21

Сўнгги пайтда Туркия ва Греция ўртасидаги муносабат кескинлашган. Ўтган ҳафта Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқара Афина билан икки томонлама музокарани тўхтатганини эълон қилди ва иккинчи томонни, юмшоқ қилиб айтганда, “инсофсизликда” айблади.

Икки қўшни ҳамда НАТО аъзоси Ўрта ер ва Эгей денгизларида бир-бирига зид ҳудудий даъво масаласида, минтақадаги ва Кипр атрофидаги ресурслардан фойдаланиш борасида зиддиятга дуч келмоқда.

Рақобат Туркия - Юнонистон муносабатида янгилик эмас. Хуфиёна ёки очиқ тўқнашув анчадан буён давом этиб келмоқда. Украинадаги воқеалар туфайли Анқара ва Афина ўртасидаги кескинлик янада кучайди.

Март ойи ўрталарида Греция бош вазири Кириакос Мицотакис Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан юзма-юз учрашиш учун Истанбулга борди. ОАВ хабарларига кўра, учрашув ижобий ва конструктив тарзда кечган. Етакчилараро ташрифга шимолдаги уруш сабаб бўлгани таъкидланди.

Мулоқотда Мицотакис ва Эрдоған ҳамкорлик йўлларини топишга, ҳар икки томон учун фойдали ижобий дастурларга эътибор қаратиш муҳимлиги бўйича келишиб олди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Човушўғли Афинани Эгей денгизи ҳудудини ноқонуний ҳарбийлаштиришда айблаяпти.

Ушбу можаро нима сабабдан кучайиб бораётганини тушуниш учун узоқ тарихга, зиддиятга туртки берган халқаро ҳуқуқ ҳақидаги турли қарашларга мурожаат қилиш лозим бўлаади. Қолаверса, Греция ва Туркиядаги кузатувчилар Украинадаги вазиятнинг таъсирини қандай изоҳлаши ҳам муҳим. Юнон ва турк сиёсатчилари учун Россиянинг ҳаракати Эгей денгизи янги хавф, янги имкониятларни юзага чиқарди.

Шимолдаги воқеа Афинани Туркиянинг жонланишидан, яъни Вашингтон билан алоқани кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатини кучайтиришидан хавфсирай бошлашига олиб келди.

Ечими йўқ муаммо

Анқарада эса Туркия амбициясини жиловлаш учун АҚШ ва Грециянинг бирлашиши ҳақидаги хавотир кучайган. Зеро, ҳеч бир томон Россия босқинини кучайиш учун аниқ баҳона сифатида кўрмаса-да, Греция ва Туркиянинг Эгей денгизидаги ҳозирги чегараси бирмунча оғриқли, халқаро келишув натижасида ҳал этиладиган масаладир.

ХХ аср Греция учун яхши бошланди. 1821 йилда Усмонли империясидан мустақилликка эришган мамлакат Биринчи жаҳон урушигача сезиларли даражада кенгайди. Бунга Афина ер юзидаги энг қудратли икки давлат - Буюк Британия ва Франция билан мустаҳкам алоқа ўрнатгани сабаб бўлгандир, эҳтимол?!

1912 йил Грециянинг Эгей денгизидаги оролларни босиб олинишига Туркия томонидан тарихий мағлубият, хўрлик ва изтироб даври сифатида қаралади.

Ушбу урушдан асосий мақсад Эгей денгизи ва Ўрта ер денгизи шарқий қисмида ҳукмронлик қиладиган буюк Юнонистонни яратиш умиди эди. Шу сабаб 1919 йил Греция Измир (ёки Смирна) портига қўшин юборди.

Туркиянинг 1922 йили Греция устидан зафар қозониши бугун мисли кўрилмаган турк ғалабаси сифатида ёдга олинади. Юнонистоннинг Анадолудаги ишғолини тугатгач, Анқара ўз мустақиллигини эълон қилиб, Грециянинг ғарбий иттифоқчиларига, хусусан, Буюк Британияга қарши чиқди. 1922 йилда тузилган Лозанна шартномасига кўра, Афина Туркиянинг Анадолудаги суверенитетини тан олишга мажбур бўлди.

Тўғри, бу ғалаба анча қимматга тушди: Анадолунинг ички қисми вайрон бўлди.

Умуман, Лозанна шартномаси билан икки давлат Эгей денгизи орқали қатъий чегара ўрнатишга келишиб олди. Афина, ўз навбатида, Анадолу қирғоқлари яқинидаги йирик оролларнинг кўпини сақлаб қолди, лекин бу ҳудудларда денгиз базалари ва истеҳкомлари қурмасликка ваъда берди. Шартнома, шунингдек, Эгей денгизи узра юнон ва турк ҳарбий самолётлари парвозига тақиқ қўйибгина қолмасдан, Греция оролларида жандарм ва аскарлар жойлашувини ҳам чеклаган.

Афина ва Анқара 1930 йил яна бир дўстлик шартномасини имзолаган бўлса-да, кейинги ўн йилликда мамлакатлар ўртасидаги таранглик ва келишмовчилик кучайишда давом этди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Италия Додеканес устидан назоратни Грецияга берди.

Туркия эътирозига қарамай, 1947 йилда Париж шартномасига кўра, Рим бу 12 оролни Афинага берди. Бинобарин, Лозанна шартномасида бўлгани каби, Родос, Кастеллеризо ва занжирдаги бошқа ҳудудлар устидан юнон суверенитети ушбу ороллар қуролсизлантирилади, деган ваъда билан бирга берилган.

Бундан ташқари Кипр суверенитетига нисбатан қарама-қарши даъволар икки давлат ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирди. 1960 йил Кипр мустақилликка эришгач, турк ҳарбий самолётларининг Греция ороллари узра ноқонуний парвози кўпайди. 1974 йил Туркия босқини ва Кипр бўлинишидан сўнг Эгей денгизидаги кескинлик жиддий тус олди. Айнан шу даврда турклар Греция оролларининг ҳудудий суверенитети, хусусан, Туркиянинг Эгей денгизига киришини чеклаб қўйганлиги (шу йўл орқали Анқарани нефть қазиб олиш имкониятидан маҳрум қилиш кўзланган) юзасидан жиддий хавотир билдирди.

Анқара шу кунгача Грециянинг Эгей оролларини ноқонуний равишда ҳарбийлаштиришини қоралаб келади. Турк самолётлари ороллар узра Греция ҳаво ҳудудини мунтазам равишда бузади (бу амалиёт 2022 йил апрель ойидан анча кучайган).

Шунингдек, яқинда Туркия, агар Греция ҳукумати денгиз чегарасини 12 миля чегарасига кенгайтирса, урушга киришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Қолаверса, Греция ва Туркия НАТО ҳомийлигида иттифоқчи бўлса-да, Туркия ҳалигача Греция билан урушни Афинанинг ҳеч қачон жавобгарликка тортилмаган жинояти сифатида баҳолайди.

Грециянинг Франция ва АҚШ билан яқинлашуви

Франция ва АҚШ билан мудофаа шартномаси имзоланиши Афинада маълум бир консенсус шаклланганидан далолат. Харажат ва ёндашув борасидаги фарққа қарамай, Циприас ҳам, Мицотакис ҳам Греция армиясини кучайтириш зарурати ҳақида умумий фикрда. Франциядан янги қурол тизими сотиб олишдан ташқари Афина Вашингтон билан алоқани чуқурлаштиришда давом этмоқда.

Грециядаги музокарачилар келишувга интилишда давом этар экан, Грецияда Американинг муқим жойлашиш (жумладан, тўртта қўшма ўқув базаси ташкил этиш) истиқболи пайдо бўлди. Юнонларнинг хавфсизлик стратегияси эса ҳали ҳам догматик мудофаа позициясига асосланган. Кўпчиликнинг фикрича, Греция ўз қуролли кучларини қуриш ва модернизация қилиш борасида жиддий тўсиққа дуч келмоқда. Шу ўринда сурункали иқтисодий камчиликдан ташқари Афина технологик ривожланиш ва мудофаа ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан аниқ имконият етишмаслигидан ҳам азият чекмоқда.

Россия - Украина низосининг таъсири

Ғарбнинг Россия билан муносабати ёмонлашуви, бир юнон олими айтганидек, “Туркиянинг экспансионистик суръатини сусайтирмайди, балки кучайтиради. Зеро, Туркия биздан фарқли равишда Ғарбга тегишли эмас”. Бинобарин, олим Эрдоған урушдан фойдаланиб, Туркиянинг Эгейга даъвосини янада кучайтириб боришини айтиб ўтди.

Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Грециянинг Эгей денгизидаги суверен ҳуқуқини тан олганини қадрлар экан, тарихчи Костас Иорданидис Греция ҳеч қачон “Буюк Греция”ни яратиш истагидан воз кечмаганини эътироф этади. Унинг фикрича, бир асрлик муваффақиятсизликка қарамай, Афина ҳали ҳам “Истанбулни эгаллаш ва шаҳарда насронийлик ҳукмронлигини тиклаш истагида.

Айниқса, АҚШнинг Грециядаги Александруполис портидан фойдаланиши Туркия ҳудудига тўғридан-тўғри ҳарбий хавф туғдирмоқда.

НАТОнинг Украина қаршилик ҳаракатига ёрдам беришини кўпчилик Эгей ва Қора денгизда Америка назоратини ўрнатиш бўйича кенгроқ режанинг бир қисми сифатида кўрмоқда.

— Айни ҳаракатлар ортида АҚШнинг халқаро гегемонлигини кенгайтириш мақсади турибди, — дейди таниқли кузатувчи. — Грецияни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзолигини рағбатлантириш ушбу кенгроқ мақсаднинг таркибий қисмидир. Бу ниятни амалга ошириш учун Туркия ҳар қандай вазиятда тўсиқ бўлиб турибди.

Бундан ташқари Украинада юзага келган ноаниқлик ҳисобга олинса, минтақадаги қуролли қарама-қаршиликнинг сиёсий қиймати ва иқтисодий харажати ҳам Туркия, ҳам Греция учун оғир бўлади. Шу билан бирга ҳар икки давлатнинг ички иши сиёсий етакчиларни қатъий чора кўришга ундаши мумкин. Сўнгги сўровларда Мицотакиснинг ҳукмрон “Янги демократия” партияси оммабоплиги пасайиб кетди. Бу ҳолат сиёсатчи кенг миқёсда марказчи бўлиб қоладими ёки ўнгга ўтадими, деган саволни келтириб чиқармоқда.

Туркия - Юнонистон муносабатида бўлгани каби, Россия ва Украина ўртасида ҳам ҳудудий масалада кўп вақтдан бери қарама-қаршилик, келишмовчилик мавжуд.

АҚШ ва НАТОнинг Украина туфайли Россияга қарши позицияси Греция-Туркия можаросини қўзғатиб, Эгей денгизини НАТО ва Россия ўртасидаги урушда эълон қилинмаган иккинчи фронтга айлантириш эҳтимоли бор.

Греция бош вазири Кириакос Мицотакиснинг ўнг қанот ҳукумати Вашингтоннинг Россияга қарши ҳаракатини тап тортмасдан қўллаб-қувватлади. Эгей денгизи шимолидаги Грециянинг Александруполис порти АҚШга қарашли йирик ҳарбий базага айлантирилди. Ушбу портдан Украинага ва Руминия ва Украина чегарасидаги НАТО кучларига қурол етказиб беришда фойдаланилмоқда.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ, ЎзА шарҳловчиси