Туркия ва АҚШ ўртасида F-16 қирувчи самолётлари бўйича музокаралар фаоллашади
Туркия билан АҚШнинг Анқарага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш масаласи бўйича алоқалари фаоллашади.
Зарурат туғилса музокараларга икки давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ва Жо Байден ҳам қўшилади, дея маълум қилди Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар.
"Яқин кунларда алоқалар фаоллашади. Агар зарурат туғилса президентимиз Байден билан телефон орқали музокара ўтказади ёки юзма-юз учрашади. Умуман, жараён ривожланмоқда ва биз буни ижобий баҳолаймиз", – деди жума куни Акар Haberturk телеканалига берган интервьюсида.
Туркия АҚШдан F-16 самолётларини харид қилиш истагини Анқара Россиядан С-400 ҳаво ҳужумига қарши тизимини сотиб олгани сабабли бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастуридан чиқарилгандан кейин билдирган эди.