Бухоролик 15 нафардан ортиқ фермерлардан иборат делегация қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида Туркиянинг Адана шаҳрига борди.
Делегация аъзолари Шарқий ўрта ер денгизи қишлоқ хўжалиги тадқиқот институтининг малакали профессор-ўқитувчилари ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан учрашди. Пахтачилик, ғаллачилик, донли экинлар етиштириш технологиялари, замонавий агротехника усуллари ҳамда илмий ёндашувлар бўйича атрофлича тажриба алмашди. Суҳбатлар давомида тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, юқори ҳосилдор навларни жорий этиш, интенсив деҳқончилик усулларини қўллаш каби муҳим масалалар юзасидан амалий тавсиялар алмашинди.


Шунингдек, делегация мамлакатнинг энг муҳим қишлоқ хўжалиги ҳудудларидан бири ҳисобланган Аданадаги ғаллачилик кластерлари фаолияти билан яқиндан танишди. У ерда ишлаб чиқариш занжири – уруғчиликдан бошлаб қайта ишлаш, сақлаш, логистика ва экспортга чиқаришгача бўлган барча босқичларнинг ўзаро уйғун механизми намойиш этилди. Бу эса фермерларда кластер тизимининг иқтисодий самарадорлиги ва рақобатбардошликни оширишдаги аҳамияти ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилди.


–Бундай ўқув сафарлари фермерларимиз учун жуда катта аҳамиятга эга, –дейди вилоят фермерлар кенгаши раиси Хуршид Болтаев. –Чунки бу ерда биз фақат назарий билим эмас, балки амалий тажриба, аниқ технологиялар ва ишлаб чиқариш моделларини кўряпмиз. Туркия тажрибаси шуни кўрсатадики, илмий ёндашув, кластер тизими ва инновацион технологиялар қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорлик ва барқарор ривожланишнинг асосий омилларидир. Биз ушбу тажрибани Бухоро вилояти фермер хўжаликларида босқичма-босқич жорий этишни мақсад қилганмиз. Асосий мақсадимиз юқори қийматли экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, фермерлар даромадини ошириш ва халқаро бозорларга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятларини кенгайтиришдир.
Учрашувлар якунида томонлар келгусида ҳам бундай ўқув сафарларини мунтазам ташкил этиш, аграр соҳада илмий ва амалий тажриба алмашишни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар. Ўқувлар якунида иштирокчи фермерларга махсус сертификатлар топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири