Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия Республикасининг 101 йиллиги Самарқандда ҳам нишонланди
18:25 / 2024-10-30

Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консуллиги томонидан ушбу санага бағишланган маросим ўтказилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, олий ўқув юртлари раҳбарлари, тадбиркорлар ва айни пайтда юртимизда бўлиб турган Туркия фуқаролари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Туркия Республикаси ташкил этилганлигининг 101 йиллиги муносабати билан ушбу давлат Президенти Режеп Тоййип Эрдўғаннинг табриги намойиш этилди. 

Самарқанддаги бош консул Салиҳ Жанер бундан 101 йил аввал, 1923 йил 29 октябрь куни Мустафо Камол Отатурк томонидан ташкил этилган Туркия Республикаси босиб ўтган йўл ҳақида гапириб, бугун бу давлат жаҳонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлганини таъкидлади.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов қардош халқ вакилларини табриклаб, Туркия Республикаси Ўзбекистонинг азалий ва энг яқин ҳамкори, халқларимизни узоқ йиллик дўстлик ва биродарлик алоқалари боғлаб туришини қайд этди.

– Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамиятига ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилганда буни биринчилардан бўлиб Туркия тан олиб, дўстона ҳамкорлик қўлини узатган эди, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов. – Бугунги кунга келиб Туркия Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамкорларидан бири саналади. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланди. Саноат, туризм, хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу алоқаларни ривожлантиришда Туркиянинг Самарқанддаги бош консулхонасининг хизмати катта бўлмоқда. 

Маросимда икки қардош халқ вакиллари бир дастурхон атрофида ўтириб, дилдан суҳбат қурдилар.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири