Жаҳон матбуоти саҳифаларида
КАЗИНФОРМ ахборот агентлиги. — Туркия президенти Реджеп Тайип Эрдўған Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Хусусан, давлат раҳбари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон президентлари билан Қозоғистондаги сўнгги воқеалар юзасидан фикр алмашди. Туркия раҳбари Қосим-Жомарт Токаев билан мулоқотда қардош, Қозоғистонда юз бераётган воқеалар ривожини диққат билан кузатаётганини таъкидлаб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий ҳамдардлик билдирди ва барча жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилади.
«Биз Қозоғистон билан бирдаммиз, Туркий тилли давлатлар ташкилоти ҳам ушбу қардош республикани қўллаб-қувватлайди. Қозоғистоннинг янги ҳукумати имкон қадар тезроқ шаклланиб, мамлакатдаги кескин вазият тезроқ бартараф этилади, деган умиддаман. Қардош қозоқ халқи амалий мулоқот ёрдамида бу муаммони енггиб ўтади деб ишонаман. Ўз навбатида, Туркия, зарур ҳолларда ўз тажрибаси, билимлари ва техник воситалари билан ўртоқлашишга тайёр», — деди Туркия президенти Эрдўған.
Зилзила оқибатида Буюк Хитой деворининг 2 метри қулаб тушди
Global Times. «Зилзила марказидан 114 км узоқликда жойлашган Шаньдань уездида Буюк Хитой деворининг 2 метри қулаб тушди», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ҳокимият вакиллари зилзиладан сўнг маданий объектларни кўздан кечириб, қулаган жойни аниқлашди. Мутахассислар таъмирлаш ва тиклаш ишларини бошлашгани ҳам хабар қилинади.
Хитойнинг шимоли ғарбий ҳудудидаги кам аҳоли истиқомат қиладиган Цинхай провинциясида ярим тунда 6,9 балли зилзила рўй берган эди. Бироқ ер силкинишлари бир қанча йирик шаҳарларда ҳам сезилди.
Бизнинг “Жаҳон матбуоти саҳифаларида” номли янги рукнимизга оид тилакларингиз, таклиф ва фикр-мулоҳазаларингизни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.
И.Абдумаликзода тайёрлади, ЎзА