Туркия президенти Молдовада ўтадиган Евросаммитда иштирок этмайди
Туркиянинг қайта сайланган Президенти Режеп Таййип Эрдоған 1 июнь куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити учун Кишинёвга бормайди. Бу ҳақда “Politico” нашри молдовиялик расмийларга таяниб хабар берди.
Аввалроқ Эрдоғаннинг матбуот котиби давлат раҳбарининг илк хорижий сафари Молдовага бўлиши, у ерда Евросаммитда қатнашиши тўғрисида айтиб ўтган эди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Туркия етакчиси 2 июнь куни янги Вазирлар Маҳкамаси таркибини эълон қилиши ва шу кунлар ичида унинг лавозимга киришиши маросими ўтказилиши керак.
Нашрнинг қайд этишича, расмий Кишинёв уни ғалаба билан табрикламади. Бироқ Гагаузия раҳбари (автоном вилоят) Ирина Влах унга табрик йўллади. Туркия Молдова жанубидаги бу ўлкага доимо катта эътибор, иқтисодий ёрдам бериб келади.
Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ҳам Евросаммитда қатнашиши тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ.
ЎзА