Туркия Президенти июль ойида тўрт давлатга ташриф буюради
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған июль ойида Қозоғистон, Озарбайжон, AҚШ ва Шимолий Кипрга боришни режалаштирмоқда.
“AзерТAЖ” хабар беришича, мазкур хорижий ташрифларнинг биринчи манзили 3-4 июль кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтадиган Остона бўлади.
Туркия етакчиси Озарбайжонга ташрифи доирасида Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий саммити иштирокчилари билан учрашувлар ўтказишни режалаштирган.
9-11 июль кунлари НAТО саммити бўлиб ўтадиган AҚШда у Президент Жо Байден билан ҳам мулоқот қилади.
Ва ниҳоят, 20 июль куни Эрдоған Турк Қуролли кучларининг Кипрдаги тинчликни сақлаш амалиёти 50 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказиладиган Лефкоса шаҳрига бориши кутиляпти.