Истанбул шаҳрида Туркия – Ўзбекистон учинчи таълим форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистоннинг ўттизга яқин ОТМ ректорлари, Туркия давлатидан олтмишга яқин ОТМ раҳбарлари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбари, Олий таълим кенгаши раиси Одил Абдураҳмонов, Туркия Олий таълим кенгаши раҳбари Эрол Ўзвар, Истанбул техника университети ректори Ҳасан Мандал иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳамкорлик алоқалари мутлақо янги босқичга кўтарилди. Университетлар ўртасидаги ҳамкорлик кўлами кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Ҳозирда олийгоҳлар ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномалари сони 150 тадан ошди.
Кейинги уч йил давомида 800 нафарга яқин ўзбекистонлик ўқитувчи ва тадқиқотчилар Туркияга малака ошириш, стажировка, семинар ва тренингларга юборилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги олийгоҳларда ўқув жараёнини ташкил этишга 500 нафардан ортиқ туркиялик ўқитувчилар жалб этилди. Жорий ўқув йилида университетларимиз ўртасида ташкил этилган Double degree қўшма таълим дастурлари бўйича 600 нафарга яқин талабалар таҳсил олмоқда.
Форум доирасида икки давлат университетларининг ҳамкорлигига қаратилган 50 яқин шартномалар, келишувлар ва меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.
ЎзА