Туркия миллий полиция Академияси бошлиғи ўринбосари Фатиҳ Инал бошчилигидаги делегация юртимизга қилган амалий ташрифи доирасида Бухоро вилоятида ҳам бўлди.
Меҳмонларни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шухрат Алиев кутиб олди.


Делегация раҳбари ва аъзоларига Бухорода ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, айниқса ҳудудий ички ишлар органларини тузилмаси ва асосий вазифалари, ислоҳот ва истиқболдаги режалар ҳақида қисқача маълумот берилди.
Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейида бўлиб, таълим масканининг фаолияти билан танишишди. Лицей қошидаги “Жасорат” тарихий музейи меҳмонларга катта таассурот қолдирди.


Музейда вилоят ички ишлар органлари шаклланишининг турли босқичлари, тизим ходимларининг хизмат кийимлари, авто ва мототранспортлар, махсус восита ва қуроллар экспонатлари ҳақида сўзлаб беришди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор қадимий манзиллари бўйлаб ҳам саёҳат қилишди. Жумладан, “Сомонийлар мақбараси”, “Арк қўрғони”, “Пойи калон”, “Лаби ҳовуз” ансамбли ва “Мохи-хоса” маданий мерос объектлари ҳамда “Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳида бўлиб, шариф шаҳарнинг кўп йиллик тарихи ва қадимий жозибасига юқори қизиқиш билдиришди. Буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этишди.


Делегация аъзолари вилоят Ички ишлар бошқармасининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Меҳмонлар бошқарма фаолияти, шаҳарнинг қадимий қисмида жойлашган туризм обектлари бўйлаб хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ходимларнинг ишлаш тартибини, куч воситаларнинг ҳаракат йўналишларини ўрганишди. Ходимларга яратиб берилган хизмат шароитлари билан яқиндан таништирилди.


Туркия миллий полиция Академияси бошлиғи ўринбосари Фотиҳ Инал туризм полицияси ходимлари замонавий жаҳон андозалари даражасида жиҳоз ва техник воситалар билан таъминлангани, улар юқори профессионал даражада хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.

Зариф Комилов, ЎзА