Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия мадҳияси – Истиқлол маршини ёзган шоир ўзбек аёлининг фарзандими?
12:33 / 2022-06-02

Туркия Республикаси давлат мадҳияси муаллифи Меҳмет Акиф Эрсойнинг онаси ўзбеклигини ҳали кўпчилик билмаса керак.

Туркия тарихида катта из қолдирган бу шахс нафақат Истиқлол маршини ёзган, шу билан бирга, Туркия мустақиллиги учун халқни ғарбликларга қарши урушга руҳлантирган эди.

Умуман, бугунги Туркиянинг илмий, маданий тараққиётида ўзбек муҳожирларининг, айниқса Туркияда ўтроқлашган бухороликларнинг ҳиссаси катта. Меҳмет Акифнинг онаси Омина Жамила хоним ҳам маълум сабабларга кўра, Туркияга бориб қолган минглаб бухороликлардан бири – Маҳмуд исмли ватандошимизнинг қизи эди.

Омина Жамила хоним бугунги Туркия тарихида энг шарафли шахслардан бири саналадиган Меҳмет Акиф Эрсойни 1873 йил 20 декабрда Истанбулда дунёга келтирган. 

Асрлар мобайнида Туркияда муҳожир ўзбеклар қўним топадиган, Текке номи билан юритиладиган масканлар мавжуд эди. Ана шундай ўзбек Теккеларида бир вақтлар Туркия халқ шоири Меҳмет Акиф Эрсой ҳам инглизлардан яшириниб, душманлардан паноҳ топганди... Шунингдек, у илк таълимни ҳам Фотиҳдаги “Aмир Бухорий» мактабида олган.

ВАТАН ШОИРИНИНГ БОЛАЛИГИ

Бўлажак шоирнинг отаси Усмонли давлатига боғлиқ Албанлардан эди. У фарзандини ўша давр одатига кўра, 4 ёшдан таълимга йўналтирганди. Мактабда тил дарсларига жуда қизиқувчи Меҳмет ўрта мактабдаёқ турк, араб, форс ва француз тилларини ўзлаштиради.

Сўнг у ўз замонининг машҳур мактабларидан бири «Мулкие»га ўқишга кирди. 1888 йилда отасидан айрилиб, кўп ўтмай, улар яшаб турган уй ёниб кетди. Бошпанасиз қолган оила шу тарзда қашшоқликка юз тутди. Отаси вафот этгач, Меҳмет онаси тарбиясида улғайди ва ишга жойлашиб, «Мулкие» ўрта мактабини тарк етишга мажбур бўлди. Ўша йилларда у янги очилган Қишлоқ хўжалиги ва ветеринария билим юртига ўқишга кирди...

Меҳмет Aкиф ўқишни тамомлагач, 6 ойда Қуръони каримни ёд олиб, ҳофиз бўлди. 1893-1894 йилларда «Хазина-и Фüнун» журналида унинг бир ғазали чоп этилди. 1895 йилда «Мектеп» журналида эса «Қуръонга хитоб» шеъри чиқди. Шу тариқа унинг давлат хизматчиси сифатидаги фаолияти бошланди.

Меҳмет Акиф Эрсой нафақат оташин шоир, балки кучли нотиқ, сиёсатчи ва журналист эди. Усмонийлар империясининг инқирози вақтида Эрсой истиқлолнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланганди. Унинг Анадолу масжидларида сўзлаган нутқлари шу қадар машҳур бўлиб кетдики, бу маърузалар ўша пайтда қўлланма тарзида чоп этилиб, турк аскарларига тарқатилганди. Унинг 1920 йил ноябрь ойида Кастамону шаҳридаги «Насруллоҳ» масжидида халқни душманга қаршилик кўрсатиш учун даъват қилган оташин нутқи Диёрбакирда қўлланма сифатида босилиб, барча вилоят ва фронтларга тарқатилган.

СИЁСАТ ВА ТАЪЛИМ

Меҳметнинг сиёсат ва таълимдаги фаолияти ҳам ўзига хос эди. У турли йилларда турли дорулфунунларда дарс берди. Шоирнинг таълимдаги фаолиятига Туркиянинг бугунги Президенти Режеп Таййип Эрдўғон қуйидагича таъриф беради: «У дорилфунун профессори сифатида адабиёт факультетида дарс берган. Араб, форс ва француз тилларини мукаммал билган бу зот ислом илмларини пухта ўзлаштирган олим ҳам эди. У «Сироти мустақим» журналида эълон қилган мақолалари орқали халққа маърифат нурини ёйди. Айтишларича, Анадолу бўйлаб сафар қилган кезлари ҳамёнида бор-йўғи 36 куруш қолган экан. У ана шундай турфа синовларда тобланган чинакам инсон эди».

Меҳмет Акиф Эрсой 1921 йили Aнқарадаги Таcеддин ложасига жойлашиб, парламентдаги вазифасини Бурдур депутати сифатида давом эттирди.  Иккинчи Конституциявий монархия эълон қилинганида, у Умур-и Байтарие бўлими директорининг ёрдамчиси эди. Эълондан 10 кун ўтгач, унинг дўсти, расадхона мудири Фотин хўжа Меҳметни Иттифоқ ва тараққиёт қўмитасига аъзо қилган. Aммо аъзоликка киришда қабул қилинадиган қасамёддаги «Жамиятнинг барча буйруқларига шаксиз бўйсунаман» жумласидаги «шаксиз» сўзига Меҳмет Aкиф эътироз билдиради ва мазкур жумлани «фақат яхши ва ҳақ» иборасига ўзгартирди.

ТУРКИЯ МАДҲИЯСИНИНГ ТАРИХИ

Бугунги Туркия мадҳиясининг пайдо бўлиши тарихи ноанъанавий кечган эди. 1921 йили Туркия Миллий Таълим вазирлиги мадҳия матни бўйича шоирлар ўртасида танлов эълон қилади. Ғолибга катта пул мукофоти ваъда қилинади. Меҳмет Aкиф Эрсой танловда пул мукофоти борлиги учун қатнашишни истамайди, лекин ўшанда Меҳмет Миллий Таълим Вазири билан ёзишган хатида ғолиб чиққан тақдирда ҳам пул мукофотини олмаслик шартини маълум қилиб, танловда қатнашишга қарор қилади.

Мазкур саралашда жами 724 нафар қаламкаш иштирок этган. Ниҳоят, 1921 йил 12 мартда парламентда ўқилган Меҳмет Aкифнинг ижод намунаси депутатлар томонидан кўтарилган қарсаклар билан турк миллатининг Давлат мадҳияси сифатида бир овоздан қабул қилинди. Меҳмет Aкиф Эрсойнинг «Қўрқма» деб бошланган шеъри турк миллатига истиқлол муҳаббатини, халқнинг ватани учун қиладиган фидойиликларини, озодлиги йўлида шаҳидлик маршини баён қилади.

Айни шу даврда Туркия таҳликали кунларни бошдан кечираётганди. Бир неча аср давомида дунёнинг қудратли давлати саналган заминга ажнабий мустабидлар қадами етиб, мамлакат парчаланиш хавфи остида қолганди. Турк ватанпарварлари эса миллий озодлик ҳаракати олиб борарди. Ана шундай мураккаб ва таҳликали даврда яратилган Истиқлол марши халқнинг ғурурини синишдан асради, миллатни ягона байроқ остида бирлаштиришга хизмат қилди. Шеър ғолиб деб топилгач, миллатпарвар шоир «Аллоҳ бу миллатга иккинчи бор Истиқлол мадҳиясини ёзишни раво кўрмасин!» дея мамлакат озодлиги абадий бўлишини тилаганди.

Давлат мадҳиясининг муаллифи бўлгани учун Меҳмет Акиф Эрсойни турклар «Миллат шоири», «Ватан шоири» деб эътироф этади.

«Миллат сифатида Истиқлол марши каби шеър соҳиби бўлганимиз учун ҳар қанча ғурурлансак, ҳар қанча шукр этсак оз», деган эди Президент Эрдўғон мазкур мадҳия ҳақида. Меҳмет Акиф Эрсой бугун ҳам Туркияда ижоди кенг тадқиқ этилаётган, зиёлилар томонидан доимий тилга олинадиган шоирлар сирасига киради. 

Шубҳасиз, шундай ўғилни вояга етказган ўзбек аёли, бухоролик Омина Жамила хоним билан ҳам ўзбекистонликлар ҳар қанча фахр этса, арзийди.

Аҳрор НАЗАРҚУЛОВ,

Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА