Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия футболида коррупция можароси авжига чиқди
18:25 / 2025-12-10

Туркия футболи ўз тарихидаги энг йирик коррупция можаросига дуч келди. Гап шундаки,  371 ҳакам ва мингдан ортиқ футболчи ўйинларга пул тикишган. Улар орасида Туркиянинг етакчи клублари ва миллий терма жамоаси ўйинчилари ҳам бор. Айни пайтда тергов ишлари бошланиб кетган, унга Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) ва Интерпол қўшилди.

Туркия футболи ноқонуний пул тикиш билан боғлиқ катта можаро туфайли ларзага келмоқда, деб ёзди “Milliyetгазетаси. Мингдан ортиқ футболчи иштирок этган терговдан сўнг, прокурорлар 46 кишига, жумладан, Туркия футболида етакчи клублардан бўлган “Фенербаҳче” ва “Галатасарой” ўйинчиларига, шунингдек, ҳакамлар ва юқори лавозимли амалдорларга ҳибсга олиш ордерларини чиқарди. 

Таъкидлаш жоизки, бу октябрь ойида бошланган терговнинг якуний натижасидир. Ўшанда ҳакамлар орасида футбол ўйинларида фирибгарликлар бўйича гумонлар пайдо бўлган эди.

Баъзи ҳакамлар ўзлари бошқарган ўйинларга пул тикмаганлигини, гўёки футбол трансляцияларини томоша қилиш учун букмекерлик сайтларида рўйхатдан ўтганликларини даъво қилишди. Бироқ бундай ҳолатлар йиллар давомида эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган даражада танқидларга учради. Суперлиганинг йирик клублари - Фенербаҳче, Галатасарой, Бешиктош ва Трабзонспор мухлислари ҳакамлик қарорларига шубҳа билан қарашди, бу эса ўйин муҳитини бузди ва жамоатчиликнинг ҳакамлар ва футбол расмийларига бўлган ишончининг пасайишига олиб келди.

Ҳар бир баҳсли жарима тўпи, видеоёрдамчи (VAR) ҳакамнинг ғалати қарорлари ёки шубҳали қизил карточкалар босимни оширди ва фирибгарлик далили сифатида қабул қилинди. Буларнинг барчаси 2011 йилда йирик келишилган ўйинлар можароси - “şике иши” (келишилган ўйин) пайтида маълум бўлди.

Туркия прокурорлари ҳозирда UEFA, Интерпол ва Черногория, Кипр ва Грузиядаги хорижий букмекерлик бошқарувлари билан ноқонуний гаровлар қўйиш учун ишлатиладиган халқаро тармоқларни кузатиш устида ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, “Sportradar” сервиси Туркия футбол федерациясига Европа бўйлаб ноқонуний гаровлар бўйича маълумотларни тўплашда ёрдам беради. Туркия Молиявий жиноятларни тергов қилиш комиссияси (MASAK) ўйинчиларнинг молиявий фаолиятини кузатиб боради.

Жорий йилнинг 5 декабрь куни полиция Истанбулда рейдлар ўтказди ва “Фенербаҳче”дан Мерт Ҳақон Ёндош, “Галатасарой”дан Метехан Болтачини ҳибсга олди. Гумон қилинаётган футболчилар ўз жамоаларининг ўйинларига пул тикишда айбланмоқда.

Терговга кўра, Ҳақон Ёндош воситачилар орқали пул тиккан, Метехан Болтачи эса тўғридан-тўғри “Галатасарой” ўйинларига пул тиккан.

Тергов ишлари фирибгарликларда гумон қилинган 150 дан ортиқ ҳакам билан бошланди ва тезда футболчилар ва телевидение мутахассисларини ҳам ўз домига тортди.  Бир ой олдин мингдан ортиқ футболчи, жумладан, юқори дивизиондан 25 нафар футболчи ўйиндан четлаштирилди. 

Ўлка прокуратураси жами 46 та четлатиш буйруғидан 35 тасининг бажарилганини тасдиқлади. Ҳибсга олинганлар орасида таниқли турк ҳакамлари Аҳмет Чакар ва Зорбай Кучук ҳам бор.

С.Раҳимов, ЎзА