Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия элчиси Жиззахда
19:52 / 2023-06-13

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев музокаралар давомида вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ва инвестиция салоҳияти ҳамда ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари юзасидан маълумот бериб, вилоятнинг асосий драйвер соҳалари бўлган автомобилсозлик, текстил, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳасида инвестиция лойиҳаларни хусусида сўз юритди.

Айни пайтда Жиззах ҳудудида Туркия давлати тадбиркорлик субъектлари иштирокида умумий қиймати 115 миллион 100 минг АҚШ долларлик 3 инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида 450 янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Шунингдек, вилоятда Туркия давлати тадбиркорлари иштирокидаги умумий қиймати 327 миллион 800 минг АҚШ долларлик 12 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилган бўлиб, бунинг натижасида ҳудудда 318 янги иш ўринлари яратилган.

Жиззах вилояти Туркия давлатига жорий йилнинг биринчи чорагида 13 миллион 300 минг АҚШ долларлик маҳсулотларни экспорт қилган. Ўз ўрнида, Туркиядан Жиззах вилоятига ҳудудда фаолият юритаётган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва фаолиятини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг январь–февраль ойларида 8 миллион 500 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар импорт қилинган.  

Бугунги кунга келиб Жиззах вилоятида Туркия корхоналари иштирокидаги 40 қўшма корхона рўйхатдан ўтган. Булардан 7 таси қишлоқ хўжалиги, 27 таси саноат ва 6 таси хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорлик йўналишларидир.

Туркия элчиси Олган Бекар вилоятнинг бугунги салоҳияти ҳақида тўхталиб, Жиззахда ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларга ижобий баҳо берди.

Учрашувдан сўнг, жаноб элчи Олган Бекар Шароф Рашидов музейи билан танишиб, “Жиззах” МИЗ ҳудудидаги саноат корхоналари “MASTER BUILDINGS PRODUCT” МЧЖ, “MONO-ELECTRIC” МЧЖ ва “DAL TEKNIK ZOMIN CEMENT AND LIME” МЧЖ цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Бундан ташқари, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар бошчилигидаги делегация аъзолари “Зомин миллий табиат боғи”да қурилаётган дор йўли ҳамда шу ҳудуддаги Суфа дам олиш мажмуасида қурилаётган меҳмонхоналарни бориб кўрди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА